Ўзбекистонда кўмир қазиб чиқариш 15 фоизга оширилади
Олам
−
19 Ноябрь 1478 2 дақиқа
Ўзбекистонда 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда кеча, 18 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган кўмир қазиб чиқаришда эришилган натижалар ва келгуси вазифалар юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, куз-қиш мавсумида аҳоли хонадонлари, ижтимоий соҳа муассасалари ҳамда иқтисодиёт тармоқларини энергия ресурслари билан узлуксиз таъминлаш мақсадида энергетиканинг барча тармоқлари қатори кўмир саноатида ҳам янги лойиҳалар амалга оширилмоқда, ишлаб чиқариш қувватлари ва ҳажмлари кўпайтирилмоқда.
2024/2025 йиллар куз-қиш мавсумида қарийб 8,7 миллион тонна кўмир қазиб олиниб, иссиқлик электр станциялари, бюджет ташкилотлари ва аҳолига етказиб берилган. 2025/2026 йиллар куз-қиш мавсумида 15 фоиз кўпроқ – 10 миллион тонна кўмир ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бунинг учун “Ўзбеккўмир” акциядорлик жамияти корхоналарининг моддий-техник базаси кучайтирилган, соҳада қўшимча ишлаб чиқарувчиларнинг фаолияти учун шароитлар яратилган.
Президент мавсум давомида аҳолини кўмир билан кафолатли таъминлаш юзасидан кўрсатмалар берган. Корхоналарни модернизация қилиш ва янги ишлаб чиқариш қувватларини ишга тушириш, соҳада бозор тамойиллари ҳамда рақобатни ривожлантириб, маҳсулот таннархини тушириш муҳимлиги қайд этилган.
Тақдимотда уран йўналишидаги янги инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш, геология-қидирув ишларининг кўламини кенгайтириш, замонавий технологияларни жорий қилиш масалалари ҳам кўриб чиқилган.
Маълумот учун, Ўзбекистонда 2021 йил, 5 млн тонна, 2022 йил 5,4 млн тонна, 2023 йил 6,5 млн тонна, 2024 йил 8,2 млн тонна 2025 йил январь-сентябрь ойларида 5,6 млн тонна кўмир ишлаб чиқарилган.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь