Ўзбекистонда кўмир қачон ва қаерда сотилади?
Жамият
−
15:50 576 2 дақиқа
Жорий йилда “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан аҳоли учун 1 млн 530 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилиши режалаштирилган. Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари учун биржа савдолари амалга оширилган бўлиб, энди кўмир сотуви mycoal.uz платформаси орқали ташкил этилади. Аҳоли рўйхатини шакллантириш ишлари давом этмоқда ва барча расмий маълумотлар шу платформа орқали эълон қилинади. Бу ҳақда “Ўзбеккўмир” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилда аҳоли эҳтиёжлари учун “Ўзбеккўмир” АЖ томонидан 1 млн 530 минг тонна маҳаллий кўмир етказиб берилиши режалаштирилган. Айни пайтда маҳсулотни ҳудудлар кесимида тақсимлаш ва биржа савдоларига чиқариш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Хусусан, Андижон, Фарғона ва Наманган вилоятлари аҳолиси эҳтиёжлари учун биржа савдоларига чиқарилган маҳаллий кўмирнинг дастлабки партиялари хусусий тадбиркорлар томонидан харид қилинган. Ҳозирда шартнома расмийлаштириш ҳамда кўмирни белгиланган ҳудудларга етказиб бериш ишлари амалга оширилмоқда.
Кўмир тегишли омборларга етказилгач, унинг аҳолига сотуви тадбиркорлар томонидан mycoal.uz электрон платформаси орқали ташкил этилади. Сотув бошланадиган сана, омбор манзили, мавжуд кўмир миқдори ва бошқа зарур маълумотлар mycoal.uz платформасида ҳудудлар кесимида очиқ эълон қилиб борилади. Шу сабабли аҳолидан кўмир сотуви билан боғлиқ маълумотларни фақат расмий ахборот манбалари ва mycoal.uz платформаси орқали олиш сўралади.
Айни вақтда ҳудудларда хонадонлар рўйхатини шакллантириш ва аҳоли эҳтиёжларини аниқлаш ишлари давом этмоқда. Хонадонлар эҳтиёжини қисқа муддатларда тўлиқ шакллантириш кўмирни ҳудудларга самарали тақсимлаш ва аҳолига ўз вақтида етказиб беришнинг муҳим шарти ҳисобланади.
“Ўзбеккўмир” АЖ томонидан аҳоли эҳтиёжлари учун тасдиқланган баланс доирасидаги маҳаллий кўмирни белгиланган тартибда биржа савдоларига чиқариш, савдоларда ғолиб бўлган тадбиркорларга ўз вақтида ортиш ва ҳудудларга етказиб бериш жараёнларини мувофиқлаштириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Корхона аҳолига кўмир етказиб бериш жараёнида очиқлик, шаффофлик ва тезкор ахборот бериш тамойилларига амал қилади ҳамда жараённинг бориши бўйича жамоатчиликка мунтазам маълумот тақдим этиб боради.
Live
БарчасиТўқаев Путинни атоқли давлат арбоби деб атади
29 Сентябрь