Ўзбекистонда коммунал тўловлар нархи ошиши мумкин
Жамият
−
21:18 3039 3 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йил 1 ноябрдан бошлаб иситиш (иссиқлик энергияси) ва иссиқ сув тарифлари ўртача 30 фоизга оширилиши мумкин. Бу ҳақда ҳукуматнинг бугун, 13 октябрь куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Иссиқлик таъминоти соҳасида бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасида сўз боради.
Лойиҳага кўра, 1 ноябрдан иситиш ва иссиқ сув тарифларини аҳоли учун республика бўйича 30 фоизга ошириш таклиф этилмоқда.
Лойиҳа бўйича аҳолига кўрсатиладиган марказлашган иссиқлик таъминоти хизматларининг 2026 йил 1 ноябрдан кучга кирадиган янги тарифлари:



Шунингдек, “Аҳолини суюлтирилган газ билан узлуксиз таъминлашнинг бозор механизмларини босқичма-босқич жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан маиший баллонларда етказиб бериладиган суюлтирилган газ нархини эса 1 кг учун 2 минг сўмдан 5 минг сўмга ошириш назарда тутилмоқда. Бунда эҳтиёжманд оилаларга ойига 20 кг гача суюлтирилган газнинг ҳар бир килограмми учун 3 минг сўм компенсация тўланади, яъни улар учун нарх меъёр доирасида 2 минг сўмлигича қолади. Бунинг учун 158 млрд сўм ажратилади.
Шу билан бирга, газлаштирилмаган ва табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳоли учун иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий меъёрини ошириш таклиф этилмоқда. 2026 йил 1 ноябрдан ойлик базавий меъёрни амалдаги 200 кВт·соатдан 350 кВт·соатга етказиш режалаштирилган.
Янги тартибга кўра, 201-350 кВт·соат оралиғидаги электр энергияси амалдаги 900 сўмдан эмас, балки 650 сўмдан ҳисобланади. Бу қўшимча ҳажм учун тарифнинг қарийб 28 фоизга пасайишини англатади.
Масалан, ойига 350 кВт·соат электр энергияси истеъмол қиладиган хонадонда тўлов 265 минг сўмдан 227,5 минг сўмга тушади. Шу тариқа бир ойда 37,5 минг сўм тежалади. 250 кВт·соат истеъмол қилинганда тежам 12,5 минг сўм, 300 кВт·соатда эса 25 минг сўмни ташкил этади.
Янги базавий меъёр газлаштирилмаган абонентларнинг қарийб 80 фоизини қамраб олиши кутилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 1,5 млн дан ортиқ хонадон иситиш мавсумида деярли 171 млрд сўм маблағни тежаб қолиши мумкин. Бир хонадон ҳисобига ўртача тежам ойига 27,5 минг сўм атрофида бўлади.
Иситиш мавсуми Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида октябрь-февраль ойларини, бошқа ҳудудларда эса ноябрь–февраль ойларини қамраб олади.
Бундан ташқари, табиий газ тармоғига уланган, аммо айрим даврларда газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудлардаги хонадонлар ҳам мазкур муаммога дуч келмоқда. 2025 йил 2 декабрдан 2026 йил 17 мартгача бўлган даврда бундай хонадонлар сони айрим кунларда 5 мингтадан 607 мингтагача ўзгарган.
Энергия тарифлари ислоҳоти доирасида аҳолини қўллаб-қувватлаш фақат электр энергияси бўйича имтиёз билан чекланмайди. 2026 йил ноябрь ойида эҳтиёжманд оилаларга бир мартали 1 млн сўмдан ёрдам ажратиш режалаштирилган. Электр ва табиий газ бўйича компенсация олиш мезони ҳам кенгайтирилади, натижада қўшимча 166 минг оила қамраб олинади.
Шунингдек, базавий меъёрдан юқори истеъмол учун компенсация бериш муддатини 2027 йил 1 апрелдан 2028 йил 1 апрелга қадар узайтириш таклиф этилмоқда. Бу 470 минг оиланинг яна бир йил давлат кўмагидан фойдаланишини таъминлайди. Мазкур мақсад учун қўшимча 150 млрд сўм ажратилиши режалаштирилган.
Энергия харажатларини узоқ муддатда камайтириш учун “оғир” тоифадаги маҳаллаларда давлат таъминотидаги оилаларнинг 3 мингта хонадонида энергия самарадорлигига қаратилган ишлар давом эттирилади. Уйларни иссиқликни сақловчи материаллар билан изоляциялаш, энергия тежамкор дераза ва эшиклар ўрнатиш, қуёш панеллари ҳамда гелиоколлекторлардан фойдаланиш шулар жумласидан.
Шу тариқа электр энергиясининг қишки базавий меъёрини ошириш қисқа муддатли енгиллик вазифасини бажарса, уй-жойларни энергия самарадор қилиш ва қайта тикланувчи энергия манбаларини жорий этиш узоқ муддатда аҳоли харажатларини камайтиришга қаратилган.
Лойиҳалар муҳокамаси жорий йил 28 октябрга қадар давом этади.
Live
БарчасиЖиззахда 10 ёшли қиз зўрланди
06 Октябрь
Сергелидаги масжидга ўт кетди
03 Октябрь