Ўзбекистонда хусусий ОТМ очиш учун янги талаблар белгиланди

Жамият

image

Эндиликда ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг таълим жараёнига мўлжалланган бино ва иншоотлари майдони 5 минг квадрат/метрдан кам бўлмаслиги лозим. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг жорий йилнинг 30 июнь куни қабул қилинган “Республикада нодавлат таълим хизматлари сифатини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради. 

Қарор билан лицензиялашнинг қўшимча шартлари белгиланди. Хусусан, эндиликда талабгор томонидан ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг концепцияси тақдим этилади.

Концепцияда қуйидагилар кўрсатилади:

  • таълим ташкилотининг номи;
  • мақоми;
  • бошқарув тизими ва кадрлари;
  • асосий таълим ва илмий фаолият йўналишлари;
  • қабул параметрлари;
  • таълим сифатини таъминлаш тизими ва воситалари;
  • тўлов-контракт миқдори ва унинг ҳисоб-китоби;
  • таълим ташкилотини ривожлантириш бўйича 5 йиллик стратегик режаси;
  • таълим ташкилоти фаолиятига оид бошқа муҳим масалалар.

Шунингдек, талабгор томонидан нодавлат олий таълим ташкилотининг таълим жараёни билан бевосита боғлиқ бўлган моддий-техник база, дастурий таъминотни ўз ичига олган дастлабки устав фонди (устав капиталини) 2 млн АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда шакллантиради. Кейинчалик талабалар сонининг кўпайиб боришига мутаносиб равишда устав фонди ошириб борилади.

Талабгор томонидан 350 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағлар тижорат банкларидаги депозитларга захирага жойлаштирилади.

Бундан ташқари, ташкил этилаётган олий таълим ташкилотининг таълим жараёнига мўлжалланган бино ва иншоотлари майдони 5 минг квадрат/метрдан кам бўлмаслиги лозим. Бунда бино университетнинг ўз мулки бўлиши шарт эмас, камида 5 йил муддатга тузилган ижара (текин фойдаланиш) шартномаси асосида иш бошлаш ҳам мумкин;

Шу билан бирга, олий таълим ташкилоти ташкил этилган вақтдан бошлаб дастлабки 5 йил давомида унинг йиллик соф фойдасининг камида 80 фоизи, кейинги йилларда эса камида 50 фоизи мазкур таълим ташкилотининг асосий фаолиятини ривожлантиришга йўналтиради. 

ОТМлар икки босқичда фаолият бошлайди: аввал лицензия, сўнг махсус аккредитация. Аккредитациядан ўтмаган дастурлар бўйича талабалар қабул қилиниши қатъиян ман этилади.

Ушбу қарор расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга киради. Қарор кучга киргунга қадар лицензия олган тадбиркорлик субъектлари 2026 йил 1 январга қадар ўз фаолиятини янги лицензия талаблари ва шартлари асосида ташкил этиши лозим.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда олий таълим соҳасида бир қанча ўзгаришлар бўлмоқда. Хусусан, “Таълим сифатини таъминлаш ва таълим хизматлари кўрсатиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармони билан Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилидан бошлаб сиртқи таълимга барча йўналишлар учун қабул бутунлай ёпилиши хабар қилинганди.

Шунингдек, мазкур фармон билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузурида Таълим сифатини таъминлаш миллий агентлиги ташкил этилди. Агентлик ўрта махсус, касбий, олий ва олий таълимдан кейинги таълим, шунингдек, кадрларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ташкилотларини (таълим ташкилотлари) комплекс ва махсус давлат аккредитациясидан ўтказади.  


Мақола муаллифи

Теглар

хусусий университет олий таълим ташкилоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг