Ўзбекистонда янги унвон таъсис этилди
Жамият
−
19 Март
10973Бугун, 19 март куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонун қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.
Қонунга кўра, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвони мамлакатда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасини ривожлантириш, табиатни асраб-авайлаш, биологик хилма-хилликни сақлаш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва уларни қайта тиклаш борасида салмоқли натижаларга эришган экофаолларга берилади.
Шунингдек, экологик жиҳатдан тоза ва инновацион технологияларни ишлаб чиқишда ҳамда амалиётга жорий этишда, яшил ҳудудларни кенгайтиришда ва кўкаламзорлаштириш ишларида алоҳида ташаббус кўрсатган, аҳолининг экологик маданиятини ошириш, ёш авлодни табиатга ҳурмат руҳида тарбиялаш ҳамда тизимда юқори малакали кадрларни тайёрлаш борасида фидокорона меҳнат қилаётган мутахассис-ходимларга ва соҳанинг бошқа вакилларига, шунингдек, мазкур йўналишда жамоатчилик назоратини амалга ошираётган экофаолларга берилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.
Маълумот учун, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси 2022 йил май ойида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Ўтган йили 19 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва туризм соҳаларидаги таклифлар тақдимоти билан танишганда ҳам фаол ва жонкуяр инсонларни рағбатлантириш мақсадида “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган эколог” фахрий унвонини таъсис этиш таклифи билдирилган.
LiveБарчаси