Ўзбекистонда камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди
Жамият
−
27 Апрель 2023
4685Ўзбекистонда 1 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. Бу ҳақда бугун, 27 апрель куни Халқаро конгресс марказида ўтказилган иккинчи Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев маълум қилди.
Форумда ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг минтақадаги иқтисодиёти энг юқори диверсификация қилинган мамлакат сифатидаги мақоми янада мустаҳкамлангани қайд этилди.
Бир йилнинг ўзида 100 мингга яқин янги корхоналар ташкил қилинди, киритилган хорижий сармояларнинг йиллик ҳажми 10 миллиард долларга етди ёки ислоҳотлар бошланган 2017 йилга нисбатан 3 баробар ошди, 1 миллионга яқин аҳоли камбағалликдан чиқарилиб, камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга туширилди. Ислоҳотлар бошланган давр (2017 йил)да бу кўрсаткич 30 фоиздан юқори эди.
“Албатта, бу ютуқларда сиз, ҳурматли ҳамкорларимизнинг ўрни беқиёс. Охирги йилларда сизларнинг кўмагингиз билан мамлакатимизда минглаб замонавий корхоналар ташкил қилинди, йирик лойиҳалар амалга оширилди, юз минглаб юқори даромадли янги иш ўринлари яратилди”, деди Президент.
Президент ислоҳотлар жадал давом этиши, Ўзбекистонда бизнес эмин-эркин ривожланиши учун янада мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор кераклигини кўрсатиб ўтди.
Яқин кунларда Янги Ўзбекистоннинг янгиланаётган Конституцияси бўйича умумхалқ референдуми ўтказилади.
Энг аввало, янги Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий, ижтимоий ва дунёвий давлат экани алоҳида белгиланмоқда. Барча ўзгартиришларнинг туб негизига “инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари устувор” деган эзгу ғоя қўйилмоқда. Шунингдек, Конституциямизда илк бор қулай инвестиция ва ишбилармонлик муҳитини таъминлаш, мулк дахлсизлиги, бозор муносабатларини ривожлантириш ва ҳалол рақобат учун шарт-шароитлар яратиш, суд мустақиллиги бўйича давлат ўзига мажбуриятлар олмоқда.
“Ҳеч шубҳасиз, янги Конституция – биз бошлаган ислоҳотларни изчил давом эттириб, энг муҳими, уларга ортга қайтмайдиган тус бериши муқаррар”, деди Мирзиёев.
LiveБарчаси