Суюнчи: Ўзбекистонда камбағалликнинг чегараси янгиланди
Жамият
−
18 Июль 2023
28404Ўзбекистонда 2023 йил учун ҳисобланган камбағаллик чегараси – минимал истеъмол харажатлари бир ойда бир кишига 568 минг сўмни ташкил қилади. Бу ҳақда Статистика агентлиги маълум қилди.
Мазкур кўрсатгич 2022 йилда 498 минг сўмга, 2021 йилда эса 440 минг сўмга тенг бўлган эди.
Агентликка кўра, жаҳон тажрибасида минимал истеъмол харажатлари кўрсаткичидан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланиш кенг тарқалган бўлиб, мазкур кўрсаткичдан:
• давлатнинг моддий ва бошқа ижтимоий кўмакларига муҳтож аҳолининг мақсадли (таргет) гуруҳини аниқлаш;
• мамлакатнинг камбағаллик чегарасини белгилашда фойдаланиш ва бунда таргет гуруҳдаги аҳолининг реал истеъмол хусусиятлари ва талабларини инобатга олиш;
• камбағалликка қарши курашиш стратегияси ва дастурларида белгиланган вазифа ва чора-тадбирларнинг натижадорлиги ҳамда манзиллилигини ошириш, шунингдек, уларнинг доимий мониторингини юритиш;
• пенсиялар ва нафақаларнинг энг кам миқдорини белгилаш, шунингдек, камбағал оилаларга бериладиган бошқа турдаги моддий кўмакларни кўрсатишда мезон сифатида фойдаланилади.
Аммо минимал истеъмол харажатлари аслида ҳар йилнинг 20 январигача эълон қилиниши керак эди. Статистика агентлиги эса белгиланган муддатдан деярли ярим йил ўтиб бу кўрсаткични эълон қилди.
Бунга сабаб эса Вазирлар маҳкамаси 27 февралда қабул қилган яна бир қарор лойиҳаси бўлиб, унга кўра, минимал истеъмол харажатлари июль ойида эълон қилиниши белгиланган.
Минимал истеъмол харажатлари нима учун муҳим?
Жаҳонда бу кўрсаткичдан камбағаллик чегараси сифатида фойдаланилади. Бу орқали пенсия ва нафақа миқдорларининг энг ками ҳам белгиланади.
Аҳолининг камбағал қатлами ҳам айнан минимал истеъмол харажатлари орқали аниқланиб, уларга моддий ёрдам берилади.
Яъни 2023 йилда Ўзбекистонда бир ойда бир киши 568 минг сўмдан камроқ пул ишлаб топса, демак, бу унинг минимал истеъмол харажатлари учун етмайди ва у расман камбағал ҳисобланади. Аммо, бу кўрсаткич Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида озиқ-овқат нархига қараб турлича бўлиши мумкин.
LiveБарчаси