2026 йил Ўзбекистонда 1 млн киши доимий иш билан таъминланади
Жамият
−
23 Январь 3925 2 дақиқа
Жорий йилда Ўзбекистонда 1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш кўзда тутилмоқда. Бу ҳақда бугун, 23 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтаётган камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича 2026 йилда амалга оширилиши лозим бўлган асосий вазифалар юзасидан видеоселектор йиғилишида айтилди.
Қайд этилишича, йиғилишда Президент мавжуд имкониятларни ишга солиш бўйича ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги”га методик билим ва тажриба етишмаётгани, масъул вазирлик ва идоралар эса уларга кўмаклашмаётганини кўрсатиб ўтган.
Арнасойда чорвачилик, Шўрчида банан етиштириш, Қувада анорчилик, Бўстонлиқда асаларичилик бўйича аҳоли ва тадбиркорлар яратган тажрибалар шундай ихтисослашувга эга бошқа туманлар учун яхши намуна бўла олиши, лекин бундан унумли фойдаланилмаётгани қайд этилган.
“Бундай тажрибалар ҳамма жойда бор. Лекин уларни ўргатиб, қамровини кенгайтирадиган тизим йўқ!” дейди давлат раҳбари.
Йиғилишда мутасаддиларга бир ойда ишсизлик ва камбағаллик юқори маҳаллалардаги имкониятларни ўрганиб, уларга энг яхши тажрибаларни олиб кириш бўйича “методик қўлланма” қилиб бериш топширилган. Ҳокимлар эса жойларда бунинг ижросини ташкил этиб, одамларни ишли қилиш, даромадини кўпайтириш, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга масъул ва жавобгар бўлади.
“Умуман, бу йил ҳар бир вазирлик ва ҳокимликнинг фаолияти маҳалла билан боғланади, қабул қилинадиган қарорларда ҳам маҳаллада нима ўзгариши назарда тутилади”, дейди Президент.
1 миллион аҳолини доимий иш билан таъминлаш, 181 минг оилани камбағалликдан чиқариш, камбағалликдан холи маҳаллалар сонини 2,5 баробар ошириб, 3,5 мингга етказиш, ишсизлик ва камбағалликни 4,5 фоизга тушириш жорий йил учун вазифа этиб белгиланган.
Live
Барчаси