Ўзбекистонда қийноқ ортидан келиб чиққан ўлим ҳолатлари учун жавобгарлик кучайтирилиши мумкин

3-саҳифа

image

Ўзбекистонда қийноқларнинг олдини олиш тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши мумкин. Бу ҳақдаги қонун лойиҳаси Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталига жойлаштирилди.

Қонун билан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш оқибатида одам ўлимига сабаб бўлиши каби оғирлаштирувчи жавобгарлик белгиланмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенат кенгашининг 2024 йил 21 февралдаги топшириғида Жиноят кодексининг 235-моддасини (қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) халқаро стандартларга мувофиқ янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб тегишли ўзгартириш ва қўшимчаларни киритиш ИИВ, ДХХ, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ, ТИВ ва Адлия вазирликларига юклатилган.

Жиноят кодексига киритилаётган ўзгартириш ва қўшимчаларга мувофиқ 235-модда 3- ва 4-қисм билан тўлдирилмоқда.

  • ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар баданга оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади;
  • ушбу модданинг биринчи ёки иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум этиб, 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Лойиҳада қайд этилишича, қонун билан таклиф этилаётган ўзгартириш ва қўшимчалар орқали аҳолининг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаш шахс қадр-қимматини оширишига ҳамда сезиларли даражада яхшиланишига эришилади. Бундан ташқари, амалиётда қийноқ оқибатида ўлим ҳолати юз берганда, қўшимча модда билан малакалаш талаб қилинмайди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент вилоятининг Бекобод шаҳрида ИИБ ходими судланувчининг акасини уриб ўлдиргани ҳақида хабар берилганди. Шундан сўнг ҳолат юзасидан бир ходим қамоққа олинди. Бўка туманида эса терговдаги фуқаронинг ўлимига сабабчи бўлган ИИБ ходимлари қамалди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят кодекси ўлим ҳолатлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг