Бекободда ИИБ ходими судланувчининг акасини уриб ўлдиргани айтилмоқда
Жамият
−
21 Июнь
9120Судланувчининг акаси ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида тан жароҳати олиб, вафот этгани айтилмоқда.
Жорий йилнинг 19 июнь куни Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судида фуқаролар ака-ука Д.Ю. ҳамда Д.Ю. суд қарорига эътироз билдириб, тартибсизлик қилгани учун ИИБ ходимлари уларни ИИБ биносига мажбурий олиб кетган.
“Сўнгра ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида 1981 йилда туғилган фуқаро Д.Ю. тан жароҳатлари сабабли вафот этган”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси бошлиғининг матбуот котиби Бобур Тўлаганов муносабат билдирди.
Унга кўра, Жиноят ишлари бўйича Бекобод шаҳар судига Жиноят кодексининг 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми “е”, “к”, “л” бандлари билан айбланувчи 33 ёшли фуқаро Х.Ю.га нисбатан тергов ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.
Жорий йилнинг 19 июнь куни Бекобод шаҳар суди томонидан мазкур жиноят ишини кўриш жараёнида, айбланувчи Х.Ю.нинг акалари 1981 йилда туғилган Д.Ю. ва 1978 йилда туғилган Д.Ю. укасига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланганидан норози бўлиб, суд залида жанжал кўтаргани учун жамоат тартиби бузилиши юзага келган.
Мазкур ҳолатда жамоат тартибини тиклаш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида суд залига ҳудудий ички ишлар бўлими ходимлари чақиртирилган. Чақирувга асосан етиб келган уч нафар ИИБ профилактика инспекторлари томонидан жанжал бартараф қилиниб, ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан ҳужжатларни расмийлаштириш мақсадида воқеа иштирокчилари шаҳар ИИБ биносига олиб борилган.
ИИБ биносига кириш йўлагида, фуқаро Д.Ю. соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
“Ходимлар фуқарони хизмат автомашинасида шаҳар шифохонасига олиб борган. Тиббиёт бирлашмаси ходимлари томонидан кўрикдан ўтказилган вақтида Д.Ю. вафот этгани аниқланган. Ҳозирда фуқаронинг ўлими сабабларига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган. Ҳолат прокуратура органлари томонидан назоратга олиниб, суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Суд тиббий экспертизаси хулосасига кўра қўшимча ахборот берилади”, дейилади муносабатда.
LiveБарчаси