Наманганда ИИБ ходимлари фуқарони ўласи қилиб қийнагани айтилмоқда
3-саҳифа
−
04 Сентябрь 11547 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Наманган шаҳрида профилактика инспектори томонидан фуқаро қийноққа солингани акс этган сурат ва хабарлар тарқалди. Уларда 3 нафар ички ишлар ходими фуқарога дубинка ва электрошокер ишлатиб, қийнагани айтилади. Шунингдек, жабрланувчи қийноқлардан сўнг шифохонага ётқизилгани, қовурғалари сингани ва битта қора талоғи яроқсиз бўлиб қолгани учун олиб ташлангани қайд этилган. Мазкур ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ушбу хабар Наманган вилояти ИИБнинг масъул ходимлари томонидан ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 14 август куни Наманган шаҳрида яшовчи 1991 йилда туғилган фуқаро Ў.А. ўзаро оилавий низо сабабли ички ишлар бўлимига олиб борилгани аниқланган.
У билан профилактик суҳбат олиб борилиб, шу куни уйига рухсат берилган. Орадан икки кун ўтиб, 16 август фуқаро Ў.А. соғлиги ёмонлашгани сабабли тиббиёт муассасасига мурожаат қилгани аниқланган.
“Ҳозирда фуқаро Ў.А. га нисбатан етказилган тан жароҳатлари бўйича айбдорларнинг ҳаракатларига қонуний чора кўриш мақсадида Наманган шаҳар прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 104-моддаси 1-қисми (Қасддан баданга оғир тан жароҳати етказиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари якуни бўйича қонуний қарор қабул қилиниши таъминланади”, дейилади муносабатда.
Мазкур хабарлар бўйича Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов ҳам муносабат билдирди. Унга кўра, ушбу ҳолат Ички ишлар вазирлиги томонидан алоҳида назоратга олинган бўлиб, вазиятни холисона ва тўлиқ ўрганиш ҳамда ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида вазирлик раҳбарияти бошчилигида тегишли мутахассислардан иборат ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, Наманган вилоятига хизмат сафарига юборилган.
“Ўрганиш якунлари юзасидан айбдорларнинг ҳаракатларига қатъий чора кўрилиши таъминланади”, дейди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Самарқанд вилоятида Аҳмад исмли ИИБ ходими журналистга айбини тан олишини талаб қилиб, Самарқанд туман судида куч ишлатган ва уни ҳақорат қилгани ҳақида хабар берилган эди. Воқеа ўтган йили содир бўлганига қарамай, ходимга қонунда белгиланган тартибда жазо чораси қўлланилмаган ва у “ҳайфсан” интизомий жазоси билан қутулиб қолган.
Live
Барчаси