Фарғонада ИИБ ходимлари ва фуқаролар жанжаллашди (видео)
3-саҳифа
−
27 Ноябрь 2024
15871Ижтимоий тармоқларда Фарғона вилоятининг Фурқат тумани марказида ички ишлар ва Миллий гвардия ходимлари хусусий тадбиркор аёлни дўконидан куч ишлатиб, мажбуран олиб чиқиб кетишгани ва ИИБ биносида асоссиз равишда 8 соат ушлаб туришгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан вилоят Ички ишлар бошқармаси маълумот берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 21 ноябрь куни Фурқат туманининг Истиқлол кўчасидаги савдо дўконлари олдига тадбиркор томонидан камералар ўрнатиш жараёнида фуқаролар Ф.Р. (аёл), Д.Ю., У.М. ҳамда вояга етмаган А.А. қаршилик қилган.
“Мазкур ҳолат юзасидан қилинган мурожаат асосида туман ИИБ профилактика инспекторлари ҳодиса жойига етиб бориб, фуқароларни тинчлантиришга ҳаракат қилишганида, ушбу фуқаролар жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан жанжал кўтаришган. ИИБ ходимларининг қонуний талабини бажармай, фаол қаршилик кўрсатиб, куч ишлатишган ҳамда ходимларнинг хизмат кийимига зарар етказишган”, дейилади ИИБ муносабатида.
Билдирилишича, ҳолат юзасидан Фурқат тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Тармоқларда сиздирилган видеода эса ички ишлар органи ходимларининг фуқароларни машинага солиб кетаётганини кўриш мумкин. Тарқалган хабарларга кўра, тадбиркорнинг эри ва 15 ёшли ўғлини ҳам куч ишлатиб, олиб бориб, ИИБ биносида тунги соат 2 гача ушлаб туришган. Гувоҳларнинг айтишича, ИИБ ходимларидан икки нафари спиртли ичимлик таъсирида бўлган. ИИБ ходимлари ўз айбларини яшириш мақсадида дўконга қайтиб келиб, камера хотирасини дўкон эгасининг рухсатисиз ечиб олиб кетгани, аёлни машинасига мажбуран ўтқазганидан сўнг унга нисбатан турли уятли сўзлар ишлатиб, шилқимлик қилгани ҳам айтилади.
ИИБ муносабатида эса бу борада сўз очилмаган.
LiveБарчаси