Ўзбекистонда қарийб 1 трлн сўмлик 5 та сел-сув омбори қурилади
Жамият
−
29 Май 3393 3 дақиқа
2027 йилдан бошлаб Ўзбекистон ҳудудларида сел ва тошқин сувларини бекорга оқизиб юбормасдан, уларни қишлоқ хўжалиги ва сув таъминоти учун ишлатишга қаратилган 5 та сел-сув омбори қурилади. Бу ҳақда жорий йил 25 майда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Сел-тошқин сувларидан самарали фойдаланишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 201-сонли қарори қабул қилинди.
Яқиндагина Ўзбекистоннинг турли нуқталарида, айниқса воҳа ҳудудларида юз берган қишлоқ хўжалигига яхшигина талофатли бўлган сел келиши ҳолатларидан сўнг Президент сел сувларидан унумли фойдаланиш мақсадидаги янги қарорни имзолади. Хужжатда қайд этилишича, янги омборлар қурилиши орқали Самарқанд вилоятида 7 минг гектар, Тошкент вилоятида 2 минг гектар ва Жиззах вилоятида 300 гектар ер майдонларининг сув таъминоти яхшиланади.
Шунингдек, Самарқанд вилоятида 3,3 минг гектар ва Тошкент вилоятида 300 гектар янги ерларни ўзлаштириш режалаштирилган.
Қайси ҳудудларда қурилади?
Қарор билан 2027–2030 йилларда қуриладиган сел-сув омборларининг манзилли дастури ҳам тасдиқланди. Унга кўра, 5 та сел-сув омборидан иккитаси давлат-хусусий шериклик (ДХШ) асосида, учтаси эса тўлиқ давлат маблағлари ҳисобидан қурилади.
Давлат-хусусий шериклик асосида қурилиши режаланган:
- Жиззах вилояти Бахмал туманида Тангатопдисой сел-сув омбори;
- Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида Оқсоқотасой сел-сув омбори.
Республика бюджети ҳисобидан қурилиши режаланган:
- Самарқанд вилояти Ургут туманида Ғиждувонсой сел-сув омбори;
- Самарқанд вилояти Ургут туманида Чоштепасой сел-сув омбори;
- Самарқанд вилояти Қўшработ туманида Оқтепасой сел-сув омбори.
Лойиҳаларнинг умумий қиймати 997 миллиард сўмни ташкил этади. Омборларнинг умумий ҳажми эса 38,1 миллион куб метр бўлади.
Шунингдек, сел-сув омборлари, уларнинг иншоотлари, карьерлар ва қурилиш майдонлари учун зарур ер участкалари қонунчиликда белгиланган тартибда жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиладиган бўлди. Бунда жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарар қонунчилик асосида қоплаб берилиши белгиланди.
Сел-сув омбори нима учун керак?
Сел-сув омбори — бу сел, ёмғир ёки тоғлардан келадиган тошқин сувларини йиғиб қолиш учун қуриладиган махсус сув иншооти ҳисобланади. Унинг асосий вазифаси сел ва тошқин хавфини камайтириш, ортиқча сувни тўплаш ҳамда кейинчалик уни қишлоқ хўжалигида суғориш мақсадларида фойдаланишдан иборат.
Бундай омборлар, айниқса, тоғ олди ҳудудларида муҳим аҳамиятга эга. Чунки баҳор фаслида кучли ёмғирлар ва қор эриши натижасида катта ҳажмда сув оқиб келади. Агар бу сувлар назорат қилинмаса, қишлоқлар, йўллар ва экин майдонларини сел босиши мумкин, ҳудди яқинда бўлганидек. Сел-сув омборлари эса ушбу сувларни ушлаб қолиб, хавфни камайтиради.
Тўпланган сув кейинчалик аста-секин чиқарилиб, суғориш тизимларига йўналтирилади. Бу сув танқислиги кузатиладиган ҳудудларда қишлоқ хўжалиги ерларини сув билан таъминлаш, янги ерларни ўзлаштириш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Мутахассислар таъкидлашича, сел сувларидан самарали фойдаланиш нафақат табиий офатлар оқибатини юмшатиш, балки сув ресурсларини тежаш ва қўшимча сув манбаини яратишда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Мазкур лойиҳалар орқали ҳам Самарқанд, Тошкент ва Жиззах вилоятларида минглаб гектар ерларнинг сув таъминотини яхшилаш ҳамда янги ер майдонларини ўзлаштириш режалаштирилган.
Қайд этиш жоизки, аввал, 2024 йил ноябр ойида ҳам Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигида сув ва энергия ресурсларидан унумли фойдаланиш масалалари юзасидан ўтган йиғилишда мутасаддиларга Ўзбекистонда 10 та сел-сув омбори қуриш топшириғини берган эди.
Live
Барчаси