Ўзбекистонда қанча одам коронавирусга қарши карантинга олингани маълум бўлди
Жамият
−
07 Февраль 2020
13521Жорий йилнинг 5 февраль куни Хитой Халқ Республикасидан келган 245 нафар фуқаролардан коронавирус инфекцияси учун намуналар олиниб, текширилганда коронавирус инфекцияси топилмади. Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълумотига кўра, текширувлар вирусология лабораториясида ўтказилди.
Қайд этилишича, Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортига жорий йилнинг 5 февраль куни хорижий давлатлардан 28 та самолёт қабул қилинди, 3990 нафар фуқаролар санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ марказий Санитария-эпидемиология хизматига қарашли 6 та санитария-карантин пунктидан жами 663 нафар фуқаролар ўтишган, шулардан 40 нафарини хориж фуқаролари ташкил этади. Тана ҳарорати кўтарилган беморлар анииқланмаган.
Давлат чегара кесишиш пунктларидаги санитария-карантин пунктлари орқали 1585 та автотранспортлар, 28644 нафар фуқаролар ўтказилган, шулардан 14646 нафари чет эл фуқаролари ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган Хитой Халқ Республикасидан келган фуқаролар рўйхати асосида 2912 нафар фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилди. Шулардан 2188 нафарида касалликни яширин даври (14 кун) якунлангани ва тиббий кўрик давомида ҳеч қандай коронавирус инфекцияси белгилари аниқланмаганлиги боис тиббий кузатув ишлари якунланди. Бугунги кунда 724 нафар фуқаролар 14 кунлик тиббий кузатувга олинди.
Хукумат комиссияси қарори билан жорий йилнинг 4-6 февраль кунлари Ўзбекистонга ХХРнинг Пекин шаҳридан 2 та ҳамда Ухань шаҳридан 1 та чартер рейслар орқали жами 584 нафар фуқаролар олиб келинди. Фуқароларнинг барчаси Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра махсус тайёрланган муассасаларга жойлаштирилди ва 14 кун муддат давомида (касалликнинг яширин даври давомида) тиббий назоратга олинди. Фуқаролар учун махсус тайёрланган муассасаларда барча зарурий шароитлар яратилган.
Шунингдек, агентликнинг марказий штаби мутахассислари томонидан 71-276-49-66 ишонч телефони орқали мурожаат қилганларга тушунтиришлар, аниқ маълумотлар ва зарур тавсиялар бериб борилаётгани таъкидланган.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 26 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, Америка Қўшма Штатлар, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал ва Испанияда аниқланди.
Дунё бўйича 638 киши янги коронавирусдан вафот этди. У билан касалланганлар 31 481 нафарга етди. ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь