Ўзбекистонда қанча маҳкум борлиги айтилди
Жамият
−
12 Январь 2021
13110Ўзбекистонда бугунги кунда 22 мингдан ортиқ одам жазони ижрони этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ташкил этилган фракциялараро амалий мулоқотига бағишланган йиғилишда айтиб ўтилди.
Йиғилишда қайд этилишича, тезкор-қидирув, тергов соҳасида қийноқларнинг олдини олиш мақсадида ички ишлар органларига келтирилган ва ушланган шахслар билан янги ташкил этилган 484та сўровхоналарда суҳбат ва сўровлар ўтказилмоқда.
Тергов бўлинмаларида видеокузатув воситаларисиз ҳамда эшитиш мосламаларисиз адвокатлар ўзларининг ҳимояси остидаги шахс билан ҳоли учрашишлари учун алоҳида адвокатлар хоналари ташкил этилган. Тергов ҳибсхоналаридаги мавжуд терговчилар хоналарига жами 123 дона замон талабларига жавоб берадиган овоз ёзишга мўлжалланган видеокузатув воситалари ўрнатилди.
Қайд этилишича, бугунги кунда мамлакатда 54 та жазони ижро этиш муассасалари мавжуд. Шундан 18 таси ёпиқ турдаги, 25 таси манзил колония ва 11 таси тергов ҳибсхоналаридир. Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотларга кўра, жазони ижро этиш тизимида 22 мингдан ортиқ, шундан 7 мингдан ортиғи манзил колонияда, 14 мингдан ортиқ маҳкумлар ёпиқ турдаги колонияларда жазо муддатини ўтамоқда.
2020 йил 1 август ҳолатига кўра, АҚШда ҳар юз минг одамдан 639 нафари, Россияда 340 нафари, Туркияда 335 нафари, Беларусда 343 нафари, Ўзбекистонда 68 нафари жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтамоқда.
Шунингдек, жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари 3 280 дона замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан, 2 203 таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432 таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645 таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилган.
Тадбир якунида барча сиёсий партиялар фракциялари аъзолари томонидан билдирилган таклифлар умумлаштирилиб, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан 2021 Давлат дастурига киритиш учун Ишчи гуруҳга юборилди.
LiveБарчаси