Ўзбекистонда футзал мавсуми якунланди
Спорт
−
12 Июнь 2023
3630Кеча, 11 июнь куни футзал бўйича Ўзбекистон Олий лигасида мавсумнинг сўнгги ўйинлари бўлиб ўтди. Ўтган мавсум Биринчи лигада ғолиб бўлган BMB жамоаси дебют мавсумидаёқ Олий лигада ҳам чемпионликни қўлга киритди.
Мавсумнинг сўнгги баҳсида BMB футзалчилари “Жиззах Кентекс” дарвозасига жавобсиз 7 та тўп киритди. Голларга Музаффар Аҳаджонов (3 та), Ҳебберт Оливеира, Акбар Усмонов ва Аббос Элмуродов муаллифлик қилди.
Учрашувдан сўнг чемпион жамоани ва мавсумнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унга кўра, йил давомида 51 марта рақиб дарвозасини ишғол қилган ОКМК аъзоси Абдулла Солиҳов мавсумнинг энг яхши тўпурари сифатида “Олтин бутса”га эга чиқди.
BMB жамоасини ўз тарихида биринчи бор чемпионлик сари етаклаган бош мураббий Нодир Элибоев энг яхши мураббий деб эътироф этилди. Жамоа ҳужумчиси Музаффар Аҳаджонов эса Олий лиганинг жорий мавсумдаги энг яхши футзалчиси деб топилди.
Олий лигада умумий 12 та жамоа 33 та учрашув ўтказди. Чемпионат якунларига кўра, ОКМК кумуш, “Жиззах Кентекс” жамоаси эса бронза медалини қўлга киритди. Фарғонанинг “Нефтчи” жамоаси сўнгги ўринни эгаллаб, Олий лигани тарк этди.