“Президент маъқуллади”. Эски автомобиллардан воз кечиш режалаштирилмоқда

Жамият

image

Ўзбекистон ҳудудида эскирган автомашиналарни босқичма-босқич фойдаланишдан чиқариш режа қилинган. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жамоат хавфсизлиги бошқармаси Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати бошлиғи Шерзод Ибрагимов 9 июль куни Президент билан бўлиб ўтган учрашувдан сўнг “Ўзбекистон 24” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

“Бизнинг таклифларимизни муҳтарам Президент маъқуллади. Гап узоқ йиллардан буён ишлаб келаётган ва эскирган транспорт воситалари бўйича олиб бориладиган ишлар йўналишини алоҳида белгилаш, қонунчиликка зарур ўзгартиришлар киритиш ҳақида бормоқда. Бу борада Сенат ва Олий Мажлис вакиллари билан ҳамкорликда иш олиб борамиз”, деди Шерзод Ибрагимов.

Маълумот учун, 9 июль куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш ва тирбандликни камайтириш бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Унда Президент Мирзиёев ҳам ўтган ҳафта ўзи рулга ўтириб, машина ҳайдаганида тирбандликда қолганини айтди. Шунингдек, Ўзбекистонда эндиликда “Сурункали қоидабузарлар” дастури ишга туширилиши маълум бўлди. Бунда қарама-қарши ҳаракатланиш, чироқнинг қизил рангида ўтиш бир ой ичида 2 марта содир этилса ёки тезлик 5 марта оширилса – 1 йилгача жаримадан чегирма берилмайди. Бундай ҳуқуқбузарликлар бир ой ичида 10 тадан кўп бўлса – 6 ойгача ҳайдовчилик гувоҳномасидан маҳрум қилинади. Тезлик учун жарималарни қайта кўриб чиқиб, меъёрдан 2-3 карра тез юрганларни ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича қонунчиликка ўзгартириш киритиш мақсадга мувофиқ экани қайд этилди.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, фракция раҳбари Алишер Қодиров 9 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев томонидан берилган таклифлар юзасидан “Миллий тикланиш” демократик партияси қонунларни ўзгартириш бўйича маслаҳатлашувларни бошлашини  маълум қилди. У 40-50 йиллик автомашиналарни босқичма-босқич истеъмолдан чиқариш – жуда тўғри таклиф эканини ёзди ва хатто бу чекловни 25-30 йилга тушириш ҳам нотўғри бўлмаслигини қўшимча қилди. Депутатнинг фикрича, фақат машинани алмаштириш учун қулай таклифлар бўлиши керак.


Мақола муаллифи

Теглар

Шерзод Ибрагимов эски автомобиллар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг