Ўзбекистонда “экспорт навигатор” тизими йўлга қўйилади

Жамият

image

Ўзбекистонда ташқи бозорга чиқишнинг барча босқичларида комплекс хизмат кўрсатадиган “экспорт навигатор” тизими йўлга қўйилади. Бу ҳақда бугун, 18 август куни Президентнинг Хивада бўлиб ўтаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида маълум қилинди.

Қайд этилишича, тўртинчи йўналиш – экспорт салоҳиятини ошириш ва миллий брендларни ташқи бозорларга олиб чиқиш. Президент ташқи бозорда ҳар бир доллар экспорт учун кучли рақобат кетаётганини таъкидлаган.

Ўрганишларга кўра, экспортчиларнинг 40 фоизи хорижлик мижоз топишга, 36 фоизи стандарт ва сертификация талабларига мослашишга қийналмоқда. 37 фоизида қулай молиявий инструментлар, 33 фоизида бозор, маркетинг ва бренд бўйича кўникмалар етишмайди.

Шу боис, ташқи бозорга чиқишнинг барча босқичларида комплекс хизмат кўрсатадиган “экспорт навигатор” тизими йўлга қўйилади. Хорижда талаб юқори бўлган 100 та маҳсулотнинг рўйхати шакллантирилади.

Ҳар бир маҳсулот бўйича ташқи бозордаги рақобатчилар, тариф тизими ва логистика ечимлари ишлаб чиқилади. 2 мингта корхонанинг ишлаб чиқариш жараёни ташқи бозор ва харидор сегментига мослаштирилади.

Тадбиркорларга хорижий брендмейкер жалб қилиш харажатининг ярми – 500 минг долларгача қоплаб берилади. Миллий брендни ташқи бозорда тарғиб қилиш ва халқаро талабларга мослаштириш учун 50 минг долларгача субсидия ажратилади.

Маркетплейсларда омборга жойлаштириш ва сотиш харажатининг ярми, халқаро тендерлар учун консалтинг харажатининг 80 фоизи компенсация қилинади. Экспортчиларни қўллаб-қувватлашнинг ягона тизимига камида 1 миллиард доллар йўналтирилади. 


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг