Ўзбекистонда давлат органлари “яшил рейтинг” асосида баҳоланади
Жамият
−
01 Июнь 1328 3 дақиқа
Ўзбекистонда республика ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятининг экологик самарадорлигини баҳолаш бўйича янги рейтинг тизими жорий этилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасида назарда тутилган.
Ҳужжатга кўра, рейтинг тизими давлат хизматчилари ўртасида ресурслардан оқилона фойдаланиш, энергия тежамкорлиги ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган экологик маданиятни шакллантириш мақсадида жорий этилади. Бунда вазирликлар, идоралар ва ҳокимликлар фаолиятининг натижалари асосида махсус “яшил рейтинг” бўйича баҳоланади.
Рейтингни шакллантириш ва юритиш билан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси шуғулланади. Натижалар ҳар йили қўмитанинг расмий веб-сайти ҳамда махсус ташкил этиладиган greencities.uz очиқ электрон платформасида эълон қилинади.
Лойиҳага мувофиқ, давлат идораларида қатор “яшил” ташаббуслар амалга оширилиши кўзда тутилган. Жумладан:
- “Яшил офис” тамойилларини жорий этиш;
- қоғоз сарфини қисқартириш ва электрон ҳужжат айланмасини кенгайтириш;
- қуёш панеллари каби қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш;
- яшил ҳудудлар майдонини камида икки баравар ошириш;
- биноларда энергия тежовчи ва “ақлли бошқарув” технологияларини татбиқ этиш;
- чиқиндиларни саралаш тизимини жорий қилиш;
- велосипедда ишга келиш учун шароит яратиш;
- сув ва электр энергиясини тежовчи ускуналардан фойдаланиш.
Шунингдек, экологик ташаббусларда фаол иштирок этган ходимларга “Экофаол ходим” мақоми берилиши ва моддий рағбатлантирилиши режалаштирилган. Давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш кўрсаткичларига ҳам экологик мезонлар киритилади.
Рейтинг ҳар йили йил якуни бўйича бир нечта йўналишлар асосида баҳоланади. Улар қаторига табиий ресурслардан фойдаланиш самарадорлиги, сув ва энергия тежамкорлиги, ер ресурсларидан оқилона фойдаланиш, чиқиндиларни бошқариш, ҳаво ва сув ифлосланишини камайтириш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини жорий этиш, экологик тарғибот ва рақамлаштириш каби мезонлар киради.
Баҳолаш натижалари уч тоифага ажратилади:
- 60–100 балл – юқори самарадорлик;
- 40–59 балл – ўртача самарадорлик;
- 39 баллдан паст – паст самарадорлик.
Маълумотлар давлат органлари томонидан ҳар олти ойда махсус платформага киритиб борилади ва бошқа давлат ахборот тизимлари орқали автоматик текширилади.
Қарор лойиҳасига кўра, Рақамли технологиялар вазирлиги ва Экология қўмитаси 2027 йил 1 январга қадар greencities.uz платформасини ишга тушириши ҳамда уни давлат органларининг ахборот тизимлари билан интеграция қилиши лозим бўлади.
Ҳужжатда қайд этилишича, рейтингни шакллантириш жараёнида ёлғон маълумот тақдим этган ёки кўрсаткичларни сунъий равишда оширган давлат органларининг тегишли ҳисобот йили учун рейтинг натижалари бекор қилиниши мумкин.
Live
Барчаси