Ўзбекистонда дабдабали тўй ва маъракаларга қарши гуруҳ тузилди
Жамият
−
25 Октябрь 12820 4 дақиқа
Тўй ва маросимларда исрофгарчиликка чек қўйиш, одоб-ахлоқ ва миллий қадриятларни тарғиб этиш мақсадида янги 90 кунлик дастур ишга туширилди. Бу ҳақда Республика Маънавият ва маърифат маркази хабар берди.
Қайд этилишича, жамиятда маромийлик маданиятини кенг тарғиб этиш орқали фуқароларда меъёрни сақлаш, ортиқча исрофгарчиликдан тийилиш, шукроналик ва бағрикенглик каби юксак инсоний фазилатларни ҳаёт мезонига айлантириш, натижада жамиятда тотувлик, ҳамжиҳатлик ва маънавий барқарорликни таъминлашга эришиш кўзда тутилмоқда.
Шу мақсад йўлида кучлар бирлаштирилиб, Республика Маънавият ва маърифат маркази, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, “Нуроний” жамғармаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ҳамкорлигида жамиятда маромийлик кайфиятини шакллантиришга қаратилган маънавий-маърифий тарғибот тадбирларини ўтказиш бўйича чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилган. Унга кўра, тарғибот ишларида долзарб 90 кунлик белгилаб олинди.
Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Отабек Хасановга кўра, айрим оилаларда йиллар давомида катта машаққатлар билан тўпланган маблағни “ном чиқариш”, “обрў қозониш” мақсадида бир кунда ортиқча маросимлар, дабдабали тўйларга сарфлаб юбориш ҳолатлари кескин ортмоқда.
“Яна бир хавотирли ҳолат, кредитни зарурат учун эмас, балки обрў ёки “одамлардан қолмаслик” учун олиш ҳолатлари одатий ҳолга айланиб қолмоқда. Оқибатда ёш оилалар ҳаётининг илк йилларини қарз билан бошлайди. Бу эса нафақат иқтисодий, балки руҳий босим бўлиб, кўпинча оилавий низолар, эрта ажримлар ва бошқа кўнгилсиз ҳолатларга олиб келмоқда”, дейди у.
Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси раиси Қаҳрамон Қуронбоевнинг айтишича, мазкур дастурнинг бош мақсади – халқ орасида ихчамлик, камтарлик ва шукроналик маданиятини мустаҳкамлаш, тўй ва маъракаларни миллий қадриятларга мос равишда, ортиқча дабдабадан холи ҳолда ўтказишни одатга айлантиришдир. Шу билан бирга, бу дастур орқали оилаларнинг ортиқча қарздорликка ботишига йўл қўймаслик, ёшларни молиявий саводхонликка ўргатиш, тўй ва маъракаларни ихчам, самимий ва мазмунли ўтказишни қўллаб-қувватлаш, маҳаллаларда “Ихчамлик – бу маданият” ғоясини кенг тарғиб этиш мақсад қилиб олинган.
Маълум қилинишича, дастур доирасидаги ишлар уч йўналишда: ташкилий, анъанавий ва рақамли тарғибот йўналишларида олиб борилади.
Маълумот учун, 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган. Қарор билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Унда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида алоҳида банд бор. Шунга қарамасдан, дабдабали тўй қилиш ҳалигача урфдан қолгани йўқ ва айрим амалдорларнинг ўзи ҳам бунда “намуна” бўлиб келмоқда.
Жорий йилнинг 21 апрель куни қабул қилинган “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида Ўзбекистонда тўйларни тартибга солишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилиши белгиланган эди.
2025 йилнинг 16 сентябрь куни қабул қилинган “Умумий овқатланиш корхоналарида ҳосил бўладиган озиқ-овқат чиқиндиларидан самарали фойдаланиш ва уларнинг атроф-муҳитга салбий таъсирини камайтириш ҳамда ортиқча исрофгарчиликларнинг олдини олиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳукумат қарорига кўра, 2026-2030 йиллар “Долзарб озиқ-овқат хавфсизлиги даври” деб эълон қилинади. Шу даврда аҳолига етарли миқдорда ва сифатли озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш ҳамда ортиқча исрофгарчиликнинг олдини олиш бўйича тизимли чоралар кўрилади.
Қарор билан “Оқилона истеъмол” дастурини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга мувофиқ:
Тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва маросимлар 2019 йил 14 сентябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг қўшма қарори билан тасдиқланган низом асосида ўтказилиши шарт.
Ушбу низомга кўра, оилавий тадбирларда 200 нафаргача, шу муносабат билан бериладиган ош маросимида эса 250 нафаргача иштирокчи қатнашиши мумкин.
Қўшалоқ тўй ва ҳашарларда 250 нафаргача, унга боғлиқ ош маросимида эса 300 нафаргача меҳмон бўлиши мумкин.
Низомда, шунингдек, миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган қўшимча расм-русум ва шоуларни ўтказишга рухсат этилмайди:
- Жумладан, “Куёв навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш” каби урф-одатлар;
- дафн ва мотам маросимларига оид “етти”, “пайшанбалик”, “якшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “ҳайит”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” каби ортиқча тадбирлар ҳам тақиқланади.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь