Ўзбекистонда CEFR сертификати учун имтиҳонлар бепул бўлиши мумкин
Интервью
−
16 Июнь 2022
28431Ўзбекистонда чет тилини билиш даражасини белгиловчи CEFR сертификати учун имтиҳонлар бепул бўлиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 16 июнь куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган анжуманда Олий ва ўрта-махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов маълум қилди.
Хабарингиз бор, бу йил магистратурага ҳужжат топшириш учун чет тили сертификати мажбурий этиб белгиланди. Мутахассислик фанидан имтиҳон бўлмайди, фақат дипломнинг ўртача бали ҳисобга олинади.
Анжуманда, QALAMPIR.UZ журналисти Феруза Нажмиддинова Абдуқодир Тошқуловга “Бу ўзгариш орқали IELTS марказларини бойитиш кўзда тутилмаганми? Тил билиш даражасини аниқловчи имтиҳон 2 миллион сўм, яъни баъзи оилаларнинг бир ойлик иш ҳаққи даражасида, нима учун ёшларга имконият яратилиб, бу имтиҳонлар бепул қилинмайди?”, дея савол билан юзланди.
“Бу бўйича ҳам имкон қадар имтиёзлар яратилди. IELTS’дан 7 балл олса, Ёшлар агентлиги унинг пулини қайтариб беряпти. Тўғри, у баллни олиш қийин, жуда қаттиқ ўқиш керак. Курслар ҳам пуллик, буни ҳам тушунаман. Биз миллий сертификат тизимини ҳам жорий қилганмиз-ку. Ўзбекистон Давлат тест марказида ҳам бу имтиҳонни топширса бўлади. Бу ерда фақатгина IELTS топшириш шарти қўйилмаган. Давлат тест маркази икки баравар арзон. Лекин бугунги савол-жавоблардан келиб чиқиб, мен ҳам ҳукуматга, юқорига маҳаллий имтиҳонни бепул қилиш таклифини ёки бир неча баробарларга камайтириш масаласини кўтараман. Бу ерда фақат IELTS талаби йўқ. Маҳаллий Давлат тест маркази орқали ҳам олишимиз мумкин. Шунинг учун, ҳозир бизга бу сертификатни маҳаллий давлат тест маркази ва IELTS марказлари беряпти”, дейди Тошқулов.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 2021 йил 20 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида магистратурага ҳужжат топшириш жараёнини ўзгартириш белгиланган.
Хусусан, қарорга мувофиқ, хорижий тилларни ўқитиш соҳасига малакали кадрларни жалб қилиш ва соҳа мутахассисларининг салоҳиятини ошириш мақсадида 2022/2023 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларининг магистратура мутахассисликларига ҳамда олий таълимдан кейинги таълим ихтисосликларига танловларда миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга шахслар иштирок этиши тартиби жорий этилиб, филология йўналишлари бўйича камида С1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат, нофилологик йўналишлари бўйича эса В2 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификат талаб этилиши назарда тутиш белгиланган.
LiveБарчаси