Энди Ўзбекистон ҳам хорижликларга санкция қўлламоқчи
Жамият
−
20 Сентябрь
26465Эндиликда “Ўзбекистонда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар рўйхати” юритилиши мумкин. Шуни назарда тутувчи “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги қонунга қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳаси бугун, 20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенатининг эллик еттинчи ялпи мажлисида кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Қонунга кўра, Ўзбекистон давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигига зид бўлган, давлатлараро ижтимоий, ирқий, диний ва миллий адоватни келтириб чиқарувчи, Ўзбекистон халқи шаъни, қадр-қиммати ва тарихини таҳқирловчи оммавий чиқишлар ҳамда ҳаракатлар содир этган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тегишли рўйхатга киритилади.
Рўйхатни юритиш тартиби Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади, Ташқи ишлар вазирлиги томонидан юритилади. Бундай шахсларни рўйхатга киритиш Олий Мажлис палаталарининг кенгашлари ҳамда махсус ваколатли органларнинг тақдимига биноан амалга оширилади.
Ўзбекистон ҳудудида бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга 5 йил давомида Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиши тақиқланади (Улар Ўзбекистон ҳудудидаги ўз мулкини сотиши ёки ҳадя қилиши мумкин).
Шунингдек, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахс шундай мазмундаги Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак. Агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.
Қонунбузарнинг рўйхатда бўлиш муддати 5 йил ҳисобланади, агар у ушбу муддатда рўйхатга кириш учун асос бўлган сабабларни бартараф қилса, муддатидан илгари рўйхатдан чиқарилиши мумкин.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, мамлакатда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.
“Ушбу қонунни ишлаб чиқишда кўплаб хорижий давлатлар тажрибаси ўрганилган. Хусусан, Қозоғистон, Озарбайжон, Польша, Россия, Беларусь, Украина, Хитой халқ республикаси каби қатор хорижий давлатларда уларнинг суверенитетини, мустақиллигини шубҳа остига олувчи чет эл фуқароларининг мамлакат ҳудудига киришини чекловчи қонуният ва амалиёт кенг қўлланилаётганини кўришимиз мумкин”, дейди сенатор Анвар Тўйчиев.
Сенаторлар маъқуллаган ҳужжат Президент томонидан имзолангач кучга киради.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилганди.
LiveБарчаси