Ўзбекистоннинг суверенитетига зид баёнот берадиган чет элликларнинг мамлакатга кириши тақиқланиши мумкин
Жамият
−
12 Июнь
6235Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасида чет эл фуқароларининг ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати тўғрисида”ги Қонунига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди ва қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида қуйи палатага киритилди. Бу ҳақда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, қонун лойиҳаси ҳозирги глобаллашув шароитида Ўзбекистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини муҳофаза қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгилашга заруратидан келиб чиқади. Билдирилишича, лойиҳа билан Қозоғистон, Озарбайжон, Россия Федерацияси, Польша, Беларусь, ХХР каби давлатларнинг илғор тажрибасидан келиб чиқиб, қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда:
- Биринчидан, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш асослари ва тартиби белгиланмоқда.
Мазкур шахслар томонидан қуйидаги мазмундаги оммавий чиқишлар қилиш ёхуд ҳаракатлар содир этиш уларни Ўзбекистон Республикасида бўлиши номақбул деб топиш учун асос бўлади: Ўзбекистоннинг давлат суверенитетига, ҳудудий яхлитлигига ва хавфсизлигига зид бўлган; давлатлараро, ижтимоий, миллий, ирқий ҳамда диний адоватни келтириб чиқарувчи; Ўзбекистон халқининг шаънини, қадр-қимматини ёки тарихини таҳқирловчи.
- Иккинчидан, мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган чет эл фуқаролари ёки фуқаролиги бўлмаган шахсларга беш йил давомида қуйидагилар тақиқланади: Ўзбекистонга кириш, банкларда ҳисобварақ очиш, кўчмас мулк сотиб олиш, давлат мулкини хусусийлаштиришда иштирок этиш, молиявий ва шартномавий муносабатларга киришиш.
- Учинчидан, Ўзбекистонда вақтинча турган ёки доимий яшайдиган чет эл фуқароси ёки вақтинча турган фуқаролиги бўлмаган шахснинг мамлакатда бўлиши номақбул деб топилиши унинг Ўзбекистон ҳудудида қонуний асосларда яшаш ва бўлиш ҳуқуқини бекор қилишга ҳамда мазкур шахс депортация қилишга сабаб бўлади.
- Тўртинчидан, қонун лойиҳасида мамлакатда бўлиши номақбул деб топилган шахсларни депортация қилиш асослари ва тартиби назарда тутилган.
Хусусан, шахс мамлакатда бўлиши номақбул деб топилганлиги тўғрисида Ташқи ишлар вазирлиги хабарномасини олган кундан эътиборан 10 кун ичида ихтиёрий равишда Ўзбекистондан чиқиб кетиши керак, агар ушбу муддат ичида ихтиёрий равишда чиқиб кетмаса, мазкур шахс ички ишлар органлари ва бошқа ваколатли органлар томонидан депортация қилинади, яъни мажбурий тарзда чиқариб юборилади.
Таъкидланишича, қонун лойиҳаси Ўзбекистоннинг давлат суверенитети, ҳудудий яхлитлиги ва хавфсизлигини мустаҳкамлашга, мамлакатда давлатлараро, миллатлараро, динлараро аҳиллик, тотувликни ҳимоя қилишга ҳамда Ўзбекистон халқининг шаъни, қадр-қиммати ва тарихи ҳурмат қилинишини таъминлашга қаратилган.