Ўзбекистонда брендларни жалб қилиш бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади

Жамият

image

Ўзбекистонда брендларни жалб қилиш бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади. Бу ҳақда бугун, 18 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириш ва хизматларни ривожлантириш масалалари юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида маълум қилинди.

Ушбу йиғилишда мамлакатда машҳур брендлар остида маҳаллий маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш зарурлиги қайд этилиб ўтилган. Мисол учун, келгуси йил октябрда Чирчиқда қиймати 50 миллион долларлик йилига 2,5 миллион дона бўлган алюмин қадоқлаш корхонаси ишга тушади. Бу нафақат салқин ичимликлар, балки косметика, маиший кимё, озиқ-овқат йўналишидаги брендлар учун тайёр хомашё базасидир.

Шу муносабат билан ўнлаб нуфузли брендлар билан ишлаб, уларни Ўзбекистонга олиб келиш чораларини кўриш топширилди.

Умуман, брендларни жалб қилиш бўйича янгича ёндашувлар жорий қилинади:

  • нуфузли халқаро брендлар билан ишлаб чиқаришни бошлаётган корхоналарга халқаро стандартлар, экология ва сертификатлаш харажатлари қоплаб берилади;
  • машҳур брендлар остида ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар учун, маҳаллийлаштиришни камида 60 фоизга етказиш шарти билан улар учун зарур бўлган барча хомашёлар божхона тўловларидан озод қилинади;
  • маҳсулотини камида 30 фоизини бренд остида ишлаб чиқарадиган маҳаллий тадбиркорларга хорижий инвестиция иштирокидаги корхоналар учун назарда тутилган имтиёз ва енгилликлар берилади;
  • йирик брендлардан жалб қилинган технолог, дизайнер, маркетолог каби мутахассислардан Ўзбекистонда ишлаганлик учун тўловлар ундирилмайди.

Кимё саноатида талаб юқори бўлган маҳсулотлар учун зарур базавий хомашёнинг деярли барчаси мамлакатда мавжудлиги, ушбу имкониятларни самарали ишга солиш зарурлиги қайд этилиб ўтилган. Умуман, кимё соҳасида 3 миллиард долларлик лойиҳалар шакллантирилгани маълум қилинди.

Давлат раҳбари электротехника саноатида мавжуд салоҳиятни рўёбга чиқариш масалаларига ҳам тўхталиб ўтган.

Келгуси йилда тармоқда 2 миллиард долларлик лойиҳани амалга ошириш учун имконият ҳам, маҳсулотлар учун катта бозор ҳам борлиги таъкидланди.

Масалан, Саудия Арабистонининг “Аква Пауэр” компанияси билан 5 гигаваттли қуёш ва шамол станцияларини қуриш бўйича бошланган лойиҳалар учун кабель керак бўлади. Умуман, ҳозирда бошланган 27 гигаватт қувватли қуёш ва шамол станциялари лойиҳалари доирасида 500 миллион долларлик кабелга эҳтиёж бор.

“Шу муносабат билан келгусида Оҳангарон саноат зонасида 120 миллион долларлик 5 та лойиҳани ишга тушириб, 25 минг тонна мисдан кабель ва 1,5 мингта трансформатор ишлаб чиқариш, Бухоро шаҳрида 120 миллион долларлик технопаркни ишга тушириб, 25 миллион долларлик маиший техникаларни маҳаллийлаштириш режалаштирилгани айтилди”, дейилади хабарда.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев брендлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг