Ўзбекистонда айрим шахсларнинг ўқитувчилик қилиши тақиқланиши мумкин
Жамият
−
08 Апрель 2022
68928Ўзбекистонда айрим шахсларнинг таълим ташкилотларида педагог сифатида фаолият олиб бориши тақиқланиши мумкин. “Таълим тўғрисида”ги қонунга тегишли тақиқларни киритиш таклиф этилмоқда.
Қонунга қуйидаги таҳриридаги 44-1-моддани киритиш режалаштирилмоқда:
44-1-модда. Педагоглик (профессор-ўқитувчилик) фаолиятини олиб боришга йўл қўймайдиган ҳолатлар
Қуйидагилар таълим ташкилотларида педагог (профессор-ўқитувчи) сифатида фаолият олиб бориши тақиқланади:
• суд томонидан муомалага лаёқатсиз ёки муомала лаёқати чекланган деб топилган шахслар;
• қасддан содир этган жинояти учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар;
• ҳаётга, соғлиққа қарши жиноятлар, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган жиноятлар, жинсий эркинликка, оилага, ёшларга ва ахлоққа қарши, шахснинг озодлигига, шаъни ва қадр-қимматига қарши (бундан туҳмат, ҳақорат қилиш мустасно), фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши (бундан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонунчиликни бузиш, муаллифлик ёки ихтирочилик ҳуқуқларини бузиш мустасно), тинчликка ва инсониятнинг хавфсизлигига қарши, Ўзбекистон Республикасига қарши жиноятлар, ўзгаларнинг мол-мулкини талон-торож қилиш билан боғлиқ бўлган жиноятлар, жиноий йўл билан топилган мол-мулкни олиш ёки ўтказиш, тижоратда пора эвазига оғдириб олиш ёҳуд нодавлат тижорат ташкилотининг ёки бошқа нодавлат ташкилотининг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш, бошқарув тартибига, шунингдек одил судловга қарши жиноятлар, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш, жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар (бундан учувчисиз учадиган аппаратларни қонунга хилоф равишда олиб кириш, ўтказиш, олиш, сақлаш ёки улардан фойдаланиш, карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши ҳақида ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларни тарқатиш, учувчисиз учадиган аппаратларни сақлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузиш, тадқиқот фаолиятини амалга оширишда хавфсизлик қоидаларини бузиш, меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш, санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш, тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш, ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш мустасно), гиёҳвандлик воситаларининг ёки психотроп моддаларнинг қонунга хилоф муомаласидан иборат жиноятлар, жамоат тартибига қарши жиноятлар ва ҳарбий мансабдорлик жиноятлари содир этганлик учун илгари ҳукм қилинганлар;
• психиатрия ёки наркология муассасаларида ҳисобда турган шахслар;
• педагоглик (профессор-ўқитувчилик) фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликка чалинган шахслар.
Мазкур модда биринчи қисмининг иккинчи ва бешинчи хатбошиларида келтириб ўтилган ҳолатлар бартараф этилганда педагог (профессор-ўқитувчи) сифатида ишлаш хоҳишини билдирган шахсларга мазкур фаолиятни олиб боришга рухсат берилади.
Педагоглик (профессор-ўқитувчилик) фаолиятини амалга оширишга тўсқинлик қиладиган касалликлар рўйхати Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 35 та молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларига ректорларни лавозимга тайинлаш ёки озод этиш ваколатини бериш ҳам режалаштирилган.
LiveБарчаси