Ўзбекистонда айрим қоидабузарликлар учун жарима миқдори оширилмоқда
Жамият
−
27 Ноябрь 2023
9537Ўзбекистонда бир қатор ҳуқуқбузарликлар бўйича жавобгарлик кучайтирилмоқда. Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиляпти. Бу ҳақда Президент томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида"ги қонунда айтиб ўтилган.
Унга кўра, санитария қонунчилиги, нормалари ва қоидаларини ҳамда гигиена нормативларини бузганлик учун фуқароларга БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача, мансабдор шахсларга эса – 15 бараваридан 20 бараваригача миқдорда жарима солиниши белгиланади. Шу вақтга қадар бундай қонунбузарлик учун БҲМнинг 1 дан 3 бараваригача ва 5 дан 10 бараваригача жарима солинарди.
Шунингдек, ветеринария, ветеринария-санитария қоидалари ва нормаларини бузганлик, эпизоотияларга қарши курашиш чораларини кўрмаганлик учун фуқароларга БҲМнинг 1 бараваридан 3 бараваригача мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жарима белгиланмоқда. Аввалги таҳрирга кўра, ушбу қоидабузарликлар учун фуқароларга БҲМнинг 50 фоизи, мансабдор шахсларга эса БҲМнинг 50 фоизидан 2 бараваригача жарима белгиланганди.
Бундан ташқари, ҳайвонларнинг касаллиги ҳақидаги маълумотларни яширганлик учун БҲМнинг 3 баравари миқдорида ҳамда ветеринария дори воситалари ва озуқабоп қўшимчаларни ишлаб чиқаришда қоидабузарликка йўл қўйганлик учун БҲМнинг ўн баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.
Ушбу қоидабузарликлар жамият ва давлат манфаатларига зарар етказса, тинчлик ва хавфсизликка таҳдид солинишига олиб келса, лицензия ва рухсат берувчи ҳужжатнинг бекор қилинишига олиб келиши мумкин.
Шунингдек, Пиво (пиво ичимликлари)нинг улгуржи савдосини амалга ошириш, тамаки маҳсулотлари билан чакана ва улгуржи савдо қилишга доир фаолиятни амалга ошириш учун ҳам хабардор қилиш тартиби белгиланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қонунга мувофиқ Жиноят кодексига ҳам ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган ҳамда баъзи жиноятлар учун жавобгарлик муддатлари узайтирилганди.
LiveБарчаси