Ўзбекистонда Англия ҳуқуқига асосланган халқаро суд ташкил этилади
Жамият
−
17 июн 1935 1 дақиқа
Тошкент халқаро инвестиция форумида Президент Шавкат Мирзиёев инвесторлар ҳуқуқларини янада ишончли ҳимоя қилиш мақсадида Тошкент халқаро молия марказида Англия ҳуқуқига асосланган махсус ҳуқуқий тартиб жорий этилишини маълум қилди.
Шунингдек, марказ ҳузурида мустақил Тошкент халқаро тижорат суди ташкил этилади.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, мазкур судда нуфузли хорижий судьялар ва халқаро экспертлар фаолият юритади. Бу эса инвесторлар учун низоларни ҳал этишнинг шаффоф ва ишончли тизимини яратишга хизмат қилади.
Шу билан бирга, мамлакатда инвестицион медиация институтини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда Ўзбекистон БМТнинг Медиация тўғрисидаги Сингапур конвенциясига қўшилиш ниятида.
Президентнинг қайд этишича, ушбу чоралар натижасида инвесторлар Ўзбекистоннинг ўзида халқаро стандартларга мос ва кафолатланган ҳуқуқий ҳимояга эга бўлади.
Шавкат Мирзиёев хорижий инвесторлар ва бизнес вакилларини яратилаётган янги имкониятлар ҳамда шаклланаётган замонавий молиявий экотизимдан самарали фойдаланишга чақирди.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев Тошкент халқаро инвестиция форумида инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилиш ва сармоявий жозибадорликни ошириш мақсадида Тошкент халқаро молия маркази ташкил этилишини маълум қилганди.
Live
Барчаси