Ўзбекистонда ахборот соҳасига оид янги қонун қабул қилинади
Жамият
−
10 Январь 2020
6453Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди. Бу ҳақда “Ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ҳамда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни лойиҳасида келтириб ўтилган.
Ушбу Қонуннинг мақсади конституциявий ҳуқуқни рўёбга чиқаришда эркин ва ҳеч қандай тўсиқларсиз ахборотларни излаш, олиш, текшириш, тадқиқ қилиш, узатиш, тарқатиш, фойдаланиш ва сақлаш, шунингдек, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, давлат корхоналари, ташкилотлари ва хўжалик бошқаруви органлари ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятининг очиқлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат. Қонун 30 та моддани ўз ичига олади.
Ахборотдан фойдаланиш эркинлиги ва кафолати
Ҳар бир фуқарога ахборотдан фойдаланиш ҳуқуқи кафолатланади. Ахборот очиқ ва ошкора, ишончли ҳамда ҳамма фойдаланиши мумкин бўлиши керак, махфий ахборот бундан мустасно.
Давлат ҳар кимнинг ахборотни излаш, олиш, текшириш, тадқиқ қилиш, узатиш тарқатиш, ундан фойдаланиш ва уни сақлаш ҳуқуқини ҳимоя қилади.
Жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб ахборот олиш ҳуқуқи чекланишига йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикасида цензурага ва ахборотни монополлаштиришга йўл қўйилмайди.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳар кимга ўзининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор бўлган ахборот билан танишиб чиқиш имкониятини таъминлаб беришга, мақбул ахборот ресурслари яратишга, фойдаланувчиларни фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларига, уларнинг хавфсизлигига доир ҳамда жамият манфаатларига тааллуқли бошқа масалалар юзасидан ахборот билан оммавий тарзда таъминлашга мажбурдирлар. Ахборотдан фойдаланиш унинг нашр этилиши ва (ёки) Интернет ахборот тармоғида жойлаштирилиши, шунингдек, қонун ҳужжатлари ва тегишли материалларни тарқатиш орқали таъминланади.
Ахборотни бузиб талқин этиш ва сохталаштириш тақиқланади.
Оммавий ахборот воситалари ўзлари тарқатаётган ахборотнинг ҳаққонийлиги учун ахборот манбаи ва муаллифи билан биргаликда қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, жамоат бирлашмаларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг фуқароларнинг ахборот олиш доир ҳуқуқларини камситувчи хатти-ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги ҳамда ахборот мулкдори эгасининг ахборот беришни рад этганлиги устидан судга шикоят қилиниши мумкин.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ўз фаолиятига доир фойдаланиши чекланмаган барча маълумотларнинг очиқлигини таъминлаши лозим.
LiveБарчаси