Ўзбекистонда 21 ёшга тўлмаганларга тамаки ва спиртли ичимликларни сотиш тақиқланмоқда
Жамият
−
25 Май 2023
5632Ўзбекистонда 21 ёшга тўлмаганларга тамаки ва спиртли ичимликлар сотиш тақиқланади. Бу ҳақда Президент томонидан “Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилишини ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида”ги қонун имзоланди.
Ушбу қонун билан алкоголь ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш, сотиш билан боғлиқ муносабатлар, шунингдек, соҳага масъул органларнинг ваколатлари белгиланди.
Қонунга кўра, алкоголь ва тамаки маҳсулотларини қуйидаги ҳолатларда реализация қилиш (сотиш, сотиб олиш ва ҳ.к.) тақиқланади:
- 21 ёшга тўлмаган шахсларга ва улар томонидан;
- сотувчининг бевосита иштирокисиз, ўзига ўзи хизмат кўрсатиш токчаларидан, электрон тижорат шаклида;
- сайёр савдо қилиш йўли билан, кўчмас савдо объектларидан ташқарида, дорихоналарда;
- болаларга мўлжалланган товарлар сотиладиган хоналарда;
- болалар ўйинчоқларига, конфетларга ёки болалар учун мўлжалланган бошқа товарларга ўхшатиб ишланган бўлса;
- соғлиқни сақлаш, таълим, маданият, спорт иншоотлари, санаторий ҳамда тиббий-ижтимоий муассасалар ҳудудларида;
- таълим, спорт ва диний ташкилотлардан 100 метрдан кам масофада жойлашган савдо объектларида;
- яроқлилик муддати ўтганда, маҳсулот сифатини тасдиқловчи тегишли ҳужжатларсиз;
- доналаб ёки очилган (яхлитлиги бузилган), истеъмол ўровида (қутисида) сигареталар ва қиздириладиган тамаки маҳсулотига нисбатан.
Алкоголь маҳсулотларини иш жойларида, кўчаларда, стадионларда, хиёбонларда, боғларда, барча турдаги жамоат транспортида ва бошқа жамоат жойларида истеъмол қилиш тақиқланади.
Шунингдек, чилим чекиш учун махсус ажратилган жойлар фақат чилим бериш бўйича хизматлар кўрсатиладиган, вентиляция тизимлари билан жиҳозланган алоҳида ажратилган бинолар, иншоотлар ва объектларда ташкил этилиши мумкин.
Алкоголь маҳсулотларининг истеъмол идишида ёрлиқ асосий юзасининг камида қирқ фоизини эгаллайдиган матнли ёзув ва (ёки) расм тарзидаги тиббий огоҳлантириш бўлиши керак.
Қонун расмий эълон қилинган кундан 3 ой ўтгач кучга киради.