Ўзбекистонда 2026 йилда 140 мингта уй-жой қурилади
Жамият
−
03 Февраль 3042 3 дақиқа
Ўзбекистонда 2026 йилда 140 минг, 2027 йилда 150 минг ва 2028 йилда 160 минг хонадонли уй-жойлар қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда бугун, 3 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган урбанизация ва уй-жой қурилишида янгича ёндашувларни жорий этиш юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, аҳолининг уй-жойга бўлган талабини қондириш мақсадида сўнгги 8 йилда мамлакатда 120 миллион квадрат метр ёки 600 мингдан зиёд хонадонлар қурилиб, фойдаланишга топширилган. Уй-жой сотиб олишга кўмаклашиш учун 541 минг нафар фуқарога 103 триллион сўм арзон ипотека кредитлари ва субсидиялар ажратилган.
Қурилиш ишларининг кўлами кенгайгани қурилиш материаллари саноати ривожига катта туртки бериб, кўплаб ҳудудларнинг “драйвери”га айланган. Урбанизация даражаси 1991 йилдаги 40,3 фоиздан 51 фоизга етган.
Билдирилишича, давлат раҳбари қилинган ишлар ҳали етарли эмаслигини кўрсатиб ўтган. Республика бўйича ҳар йили 200 мингтага яқин янги оила ташкил топмоқда. Бу янги уйлар, йўллар ва ижтимоий инфратузилмага талаб янада ортади дегани. Қолаверса, ҳозирда аҳолининг бир киши бошига ўртача 18,9 квадрат метр турар жой майдони тўғри келмоқда. Бу кўрсаткични камида 23 квадрат метрга етказиш учун 2040 йилгача янги уй-жой қурилиши суръатини 280 мингтага ошириш лозим.
Шу мақсадда урбанизация соҳасида бошқарув янги тизим асосида йўлга қўйилиб, алоҳида қўмита тузилган, унинг олдига уй-жой қуриш ҳажмларини босқичма-босқич ошириш вазифаси қўйилган. Хусусан, 2026 йилда 140 минг, 2027 йилда 150 минг ва 2028 йилда 160 минг хонадонли уй-жойлар қуриш режалаштирилган.
Президент бизнес ва стартаплар ривожи учун шароит яратиш, саноат ва АТ кластерларини шакллантириш, меҳнат унумдорлигини оширишда ақл билан ташкил этилган урбанизация муҳим ўрин тутишини таъкидлаган.
Тақдимотда ер ресурсларидан самарали фойдаланиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Халқаро ташкилотларнинг ҳисоб-китобларига кўра, аҳоли пунктлари тартибсиз кенгайиб бориши айрим ҳудудларда келгусида экин ерларининг танқислигига олиб келиши мумкин.
Шу муносабат билан эскирган уй-жой фондини янгилаш, уй-жой қурилишида реновация улушини ошириш зарурлиги таъкидланган. Бунда реновация ҳиссасини ҳозирги 15 фоиздан 2040 йилга қадар 60 фоизга етказиш, “Янги Ўзбекистон” массивларини барпо этишни кенгайтириб, 120 тага етказиш зарурлиги қайд этилган.
Бугунги кунда қурилиш соҳасидаги рухсат олиш жараёнлари 9 та босқичдан иборат бўлиб, ўртача 90-120 кун вақт талаб қилмоқда. Шу билан бирга, халқаро амалиётда “қурилишга тайёр ер” механизми орқали бу ишларга кетадиган вақт 7-15 кунни ташкил этаётгани кўрсатиб ўтилган.
Мамлакатда ушбу тизимни жорий этиш таклиф қилинган. Унга кўра, барча тайёргарлик жараёнлари ва рухсатномаларни расмийлаштириш ер майдонлари аукционга қўйилишидан олдин бажарилади. Натижада тадбиркор аукционда ерни ютиб олгандан сўнг қўшимча ҳужжат йиғмасдан ва келишувлардан ўтмасдан, барча ҳужжатларни автоматик тарзда олиш имконига эга бўлади. Қурилишга тайёр бўлмаган ерларни аукционга чиқариш тақиқланади, жараёнлар эса шаффоф ва қисқа муддатларда амалга оширилиши таъминланади.
Қурилиш сифати, биринчи навбатда, лойиҳа ҳужжатларига боғлиқ. “ТошбошпланЛИТИ”, “ЎзшаҳарсозликЛИТИ”, “ЎзГАШКЛИТИ”, “Қишлоқ қурилиш лойиҳа” ташкилотларининг фаолиятини тубдан яхшилаш, бунинг учун юқори малакали хорижий мутахассисларни жалб қилиш ва замонавий бошқарув тизимини жорий қилиш зарурлиги қайд этилган.
Урбанизация ва уй-жой қурилиши жараёнларини тўғри ва самарали режалаштириш учун рақамли технологиялардан кенг фойдаланиш керак. Бу борада тақдимотда бош ва мастер режаларнинг ягона маълумотлар базаси, қурилишга тайёр ер майдонлари базаси – “Ер банки”, кўп квартирали уйларнинг ягона геоахборот базаси, “эскроу” тизими, қурувчилар рейтинги ва бошқалардан иборат “Уй-жой” ахборот тизимини ишлаб чиқиш таклиф этилган.
Президент тақдим этилган таклифларни маъқуллаб, соҳада режали, ҳисоб-китобга асосланган ва узоқ муддатли ёндашувларни изчил жорий этиш, белгиланган кўрсаткичлар ижросини таъминлаш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.
Live
Барчаси