Ўзбекистонда ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилади
Жамият
−
06 Апрель 2023
7526Ўзбекистонда ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилиб, мансабдор шахслар ишига баҳо берилади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 6 апрель куни Президент Шавкат Мирзиёев табиатни муҳофаза қилишга қаратилган чора-тадбирлар тақдимоти билан танишган. Тақдимотда ҳар бир туман ва шаҳарларда атмосфера ҳавоси ифлосланишини мониторинг қилиш учун автоматлашган кичик станциялар ўрнатилиши, ҳудудларнинг ҳаво тозалиги рейтинги шакллантирилиб, мансабдорларнинг бу борадаги ишларига баҳо берилиши маълум қилинди.
Шунингдек, ўрмончилик соҳасини ривожлантириш ҳамда "Яшил макон" умуммиллий лойиҳасини амалга оширишда янги тизимни жорий этишга кўрсатма берилди. Унга кўра, боғ ва ўрмонларни барпо этиш марказий молиялаштириладиган манзилли дастур асосида амалга оширилиши белгиланди.
Бундан ташқари, гидрометеорология йўналишида автоматлашган метеорологик станцияларни кўпайтириш, гидрологик ўлчов ускуналарини автоматлаштириш, агрометеорологик хизмат бўйича мобиль иловани ишга тушириш чоралари белгиланди.
Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 3 апрель куни Президент Мирзиёев "Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорни имзолаган эди. Унга кўра, сувни исроф қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилганди.
Нодиржон Мадаминов
LiveБарчаси