Ўзбекистонда ҳар бир шаҳар ва туманда “Саломатлик йўлаклари” ташкил этилади
Жамият
−
31 Октябрь 2020
8181Ўзбекистонда шаҳарлар ва ҳар бир туман марказида пиёда ва велосипедда юриш учун "Саломатлик йўлаклари" ташкил этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Соғлом турмуш тарзини ҳаётга кенг татбиқ этиш ва оммавий спортни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, ҳокимликлар Қурилиш вазирлиги билан биргаликда 2020 йилнинг 15 ноябрига қадар йўлаклар лойиҳаларини ишлаб чиқиб, жамоатчилик муҳокамасига жойлаштиради.
Йўлакларни қуриш ишлари 2021 йил 1 январдан бошланиб, 2021 йил 1 майга қадар тугатилиши белгиланди.
Бунда қуйидагилар назарда тутилади:
• пиёдалар ва велосипед йўлакларининг умумий узунлиги 3-5 километрни ташкил этади ва ўзаро узвий боғлиқ бўлади;
• замонавий, энерготежамкор (ҳаракат сенсорлари билан жиҳозланган) ёритиш тизимлари ва ёруғлик қайтарувчи, йўлакларни бошланиши, оралиғи ва якунини кўрсатувчи йўл белгилари билан тўлиқ таъминланади;
• пиёдалар ва велосипед йўлакларини барпо этишда алоҳида ҳаракатланиш имкониятлари яратилади ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар учун "тўсиқсиз муҳит" ташкил этилади.
2021 йил учун инвестиция дастури доирасида марказлашган капитал қўйилмалар ҳисобидан марказий кўчаларни модернизация қилиш учун жами 1,4 трлн сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Шунингдек, Тошкент шаҳар ҳокимлиги 2021 йил давомида босқичма-босқич барча туманларда аҳоли учун қулай кўчаларда умумий узунлиги 50 км бўлган пиёда ва велосипедда юриш учун "Саломатлик йўлаклари"ни ташкил этади. Бунинг учун Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси пойтахт ҳокимлигига 2023-2024 йилларда қайтариш шарти билан 20 млн доллар миқдорида фоизсиз ссуда беради.
Ушбу тажрибадан келиб чиқиб, 2022 йилдан бошлаб Нукус, Бухоро, Нурафшон, Самарқанд, Термиз, Хива, Шаҳрисабз ва Қўқон шаҳарларида ҳамда 2023 йилдан бошлаб республиканинг барча йирик шаҳарларида пиёда ва велосипедда юриш учун Саломатлик йўлаклари" ташкил этилади.
LiveБарчаси