Ўзбекистон чегарачиларининг ваколати кенгайтирилади
Жамият
−
01 Февраль 2022
11951Ўзбекистонда чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларига қўшимча ваколат бериш режалаштирилмоқда. Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига тегишли ўзгартиришни назарда тутувчи қонун лойиҳаси бугун, 1 февраль куни Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, амалдаги Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 287-моддаси 2-бандига мувофиқ чегара қўшинларининг қонуний талабларига бўйсунмаслик, чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш, зарур ҳужжатларни тақдим этиш ҳақидаги қонуний талабларини бажармаслик, қонуний талабларни бажармасликка ҳар қандай кўринишда омма олдида даъват этиш, шунингдек чегара қўшинлари ҳарбий хизматчиларининг ўз қонуний фаолиятини амалга оширишига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар содир этилган тақдирда, чегара қўшинларига ҳуқуқбузарларни маъмурий йўл билан ушлаб туриш ваколати берилган.
Бироқ чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан Давлат чегарасини қўриқлаш ва ҳимоя қилиш давомида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 22721 ва 22723-моддаларида назарда тутилган, яъни товарлар ва транспорт воситаларини Ўзбекистон Республикасининг божхона чегараси орқали божхона органлари томонидан белгиланган жойларни четлаб ёки божхона расмийлаштирувининг белгиланган вақтидан ташқари пайтда олиб ўтиш билан боғлиқ содир этилган ҳуқуқбузарликлар божхона постларидан узоқ ҳудудларда содир этилганлиги аниқланганда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатларини тегишли ҳужжатлар билан расмийлаштириш талаб этиладиган вазиятлар юзага келмоқда.
Шу боис Кодексга тегишли ўзгартиришлар киритилиб, чегара қўшинларига ушбу моддаларда назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этган шахсларни, ҳуқуқбузарлик транспорт воситаларидан фойдаланиб содир этилганида эса мазкур транспорт воситаларини ушлаб туриш ваколати берилмоқда.
Қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ортиқча вақт сарфлашининг ҳамда бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олдини олинишига хизмат қилиши таъкидланган.
LiveБарчаси