Ўзбекистон зилзиладан вайрон бўлган Ҳатайни тиклашда қатнашади
Жамият
−
16 Март 2023
6721Ўзбекистон Туркиянинг вайронкор зилзила содир бўлган ҳудудларидан бири – Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги тиклаш ва бунёдкорлик ишларида қатнашмоқчи. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Шавкат Мирзиёев бугун, 16 март куни Анқарада Туркий Давлат Ташкилотининг навбатдан ташқари сессиясидаги нутқида айтиб ўтди.
Фавқулодда вазиятларни бошқариш ва гуманитар ёрдам кўрсатиш борасида кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига бағишланган саммитда ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари – Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғизистон Президенти Садир Жапаров, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ва кузатувчи давлатлар раҳбарлари – Венгрия Бош вазири Виктор Орбан, Туркманистон Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедов, шунингдек, Шимолий Кипр Турк Республикаси Президенти Эрсин Татар иштирок этмоқда.
“Туркияда бугун муҳтарам Президент Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигида олиб борилаётган тезкор чора-тадбирларни, жумладан, аҳоли учун юз минглаб янги уй-жойлар қуриш ва инфратузилмани тиклаш бўйича ғоят муҳим режа ва дастурларни алоҳида эътироф этишни истардим”, дейди Мирзиёев.
Унинг алоҳида урғулашича, зилзила вақтида зудлик билан амалга оширилган аниқ ва самарали тадбирлар туфайли кўплаб одамларнинг ҳаёти ва соғлиғи сақлаб қолинган, катта миқдордаги маблағлар жамланиб, кенг кўламли қайта тиклаш ишлари бошланган.
“Бир сўз билан айтганда, ҳозирги синовли даврда қардош турк халқи ўзининг беқиёс жасорати ва мардлиги, метин иродаси ва юксак сафарбарлик руҳи билан Туркия етакчиси атрофида жипслашмоқда”, дейди Ўзбекистон раҳбари.
У саммитга тўпланган барча давлатлар раҳбарлари номидан Туркияга мададкор бўлиб, зилзила оқибатида вайрон бўлган шаҳар ва қишлоқларни, ижтимоий ва саноат объектларини тиклаш ва янгиларини барпо этиш ишларига бор кучини йўналтиришга тайёрлигини билдирди.
“Биз зилзила марказларидан бири бўлган ва қутқарувчиларимиз иш олиб борган Ҳатай вилоятининг Овакент ҳудудидаги бунёдкорлик ишларига муносиб ҳисса қўшиш ниятидамиз.
Биз барпо этмоқчи бўлган кўркам уй-жойлар, замонавий мактаб ва инфратузилма объектлари келгусида том маънода яқин дўстлик ва бирдамлигимизнинг ёрқин тимсолига айланишига аминман”, дейди Мирзиёев.
У, шунингдек, талафот кўрган ҳудудлардан ёши улуғ инсонлар ва нуронийларнинг Ўзбекистонда соғлиғини тиклаши ва дам олиши, шунингдек, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд обидаларини зиёрат қилиши учун барча қулай шарт-шароитларни яратиб беришни ваъда қилди.
“Шу билан бирга, ушбу ёз мавсумида биз Ҳатай ёшларининг ҳам Ўзбекистонга ташрифини ташкил этмоқчимиз. Уларнинг мазмунли ҳордиқ чиқаришлари ҳамда қадимий Самарқанд, Бухоро ва Хива шаҳарларига сафарларини, юртимиздаги ўз тенгдошлари билан қўшма тадбирларни ўтказиш ниятидамиз”, дея Туркия Президентига юзланди Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркиянинг жанубий-шарқий вилоятларида даҳшатли зилзилалар юз берди. Ўзбекистон Президенти топшириғига кўра, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг 100 кишидан иборат қидирув-қутқарув гуруҳи табиий офат ўчоғи, яъни Ҳатай вилоятига жўнатилди. Отряд иштирокидаги қутқарув операцияси 2 ҳафтадан кўпроқ давом этди ва шу вақт ичида қутқарувчи йигитлар вайроналар остидан 18 нафар тирик одам ва 200 га яқин жасадларни олиб чиқди.
LiveБарчаси