Ўзбекистон ЖСТга кириш масаласини тезроқ якунламоқчи– Абдулазиз Комилов
Олам
−
12 Ноябрь 2019
4998Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) кириш бўйича музокаралар жараёнини иложи борича тезроқ якунлашни истаяпти, аммо ташкилотга киришнинг аниқ санаси маълум эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” Ҳамкорлик кенгашининг 15-йиғилиши якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида айтиб ўтди.
“Биз аниқ муддатларни белгиламаймиз. Аммо, Европа Иттифоқи билан шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни имзолаш ҳамда ЖСТга кириш бўйича музокаралар жараёнини иложи борича тезроқ якунлаш истаги бор”, деди Абдулазиз Комилов.
Вазир ЕИ билан келишув келаси йили имзоланиши мумкинлигини инкор қилмади.
2017 йил ноябрь ойининг охирида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Жанубий Кореяга ташрифи чоғида мамлакат ЖСТга кириш бўйича ишларни қайта бошлаганини маълум қилганди. 2019 йил июль ойида Ўзбекистон томони ташкилотга кириш тўғрисидаги аризани кўриб чиқиш учун ташқи савдо режими тўғрисидаги янгиланган меморандумни ЖСТга тақдим этди. Аввалроқ, ЖСТ бош директорининг ўринбосари Алан Вулф Ўзбекистон расмийларининг ушбу ташкилотга кириш бўйича музокаралари икки йил давом этиши мумкинлигини айтганди.
Бундан ташқари, октябрь ойида Ўзбекистон 2021 йил охирига қадар Евросиё иқтисодий иттифоқи билан эркин савдо зонаси тўғрисида шартнома имзолашни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь