“Ўзбекистон ёшларининг буюк ишларга қодирлигини жаҳонга намоён этдингиз”. Президент спортчиларни табриклади
Спорт
−
09 Октябрь 2023
9434Жорий йилнинг 23 сентябрь – 8 октябрь кунлари ХХРда ХIX ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтди. Унда иштирок этган ўзбекистонлик спортчилар 22 та олтин, 18 та кумуш, 31 та бронза медалини жамғариб, умумжамоа ҳисобида 5-ўринни эгаллашди.
Мана шу муносабат билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг XIХ ёзги Осиё ўйинларида иштирок этган Ўзбекистон спорт делегацияси аъзоларига табрик йўллади.
"Осиё қитъасининг 45 та давлатидан 11 минг нафар спортчи иштирок этган бу мусобақаларда миллий терма жамоамиз аъзолари ўзларининг беқиёс маҳорати, ғайрат ва матонатини, ғалабага бўлган юксак интилиш ва иродасини намоён этиб, 22 та олтин, 18 та кумуш ва 31 та бронза медалини қўлга киритганлари ҳар қандай таҳсинга сазовордир.
Олтин медаллар 31 нафар спортчимиз томонидан қўлга киритилган бўлса, уларнинг тенг ярми – қизларимиз ҳиссасига тўғри келганини алоҳида мамнуният билан таъкидлашни ўринли деб биламан.
132 нафар вакилимиз жами 71 та медални қўлга киритиб, ўтган Осиё ўйинларига нисбатан рекорд натижани қайд этганлари ҳам барчамизни қувонтиради", дейилади табрик матнида.
Президент ўзбекистонлик спортчиларнинг Хитой Тайпейи, Баҳрайн, Шимолий Корея, Гонконг, Эрон, Индонезия, Қозоғистон, Қатар, Сингапур, Малайзия, Вьетнам, Қувайт каби спорт соҳасида ривожланган давлатларни ортда қолдириб, умумжамоа ҳисобида фахрли бешинчи ўринни эгаллаганликларини эътироф этди.
"Бўлиб ўтган қизғин беллашувларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилган Баҳодир Жалолов, Жалгасбай Бердимуратов, Улуғбек Рашитов, Ҳасанбой Дўсматов, Абдумалик Халаков, Диёра Келдиёрова, Тахмина Икромова, Севинч Раҳимова, Вилана Савадян, Эвелина Аталянц, Шарифа Давронова, Сафина Саъдуллаева, Музаффар Тўрабоев, Ольга Забелинская, Шоҳмурод Холмуродов, Нурислом Тўхтасин ўғли, Умид Эсонов, Артём Штурбабин, Ҳилола Ортиқбоева, Муҳсин Ҳисомиддинов, Зайнаб Дайибекова, Плиего Лара Мария Паола, Херрера Лара Луиза Фернанда, Гулистон Пердебаева, Анна Пракатень, Шеҳроз Ҳакимов, Дилшоджон Худойбердиев, Давиржон Давронов, Алишер Турдиев, Муроджон Йўлдошев ва бошқа спортчиларимизнинг нодир истеъдоди, маҳорати ва қобилиятига барча спорт мухлислари яна бир бор тан берди.
Ўзбек қиличбозлик спортининг ифтихорига айланган Зайнаб Дайибекова сабля жамоа дастурида Осиё қитъасида тенгсизлигини, Анвар Клевлеев эса слаломда эшкак эшиш беллашувида аксарият рақибларидан кучли эканини амалда намоён этдилар.
Осиё ўйинларида эришилган бундай ютуқлар биз учун улкан аҳамиятга эга бўлиб, сизлар шу тариқа миллий спорт мактабимизнинг шон-шуҳратини, Ўзбекистон ёшларининг қандай буюк ишларга қодир эканини жаҳонга намоён этдингиз", дейди Мирзиёев.
Шу билан бирга давлат раҳбари ўзбекистонлик спортчилар 2024 йил Парижда бўлиб ўтадиган 33-олимпия ўйинларида ҳам юксак чўққиларни забт этишига ишонч билдирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь