Ўзбекистон Япония билан 12 млрд долларлик келишувлар имзолади
Жамият
−
21 Декабрь 3326 3 дақиқа
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Японияга ташрифи доирасида қиймати 12 миллиард доллардан ортиқ бўлган янги кооперация лойиҳалари портфели имзоланди. Бу ҳақда Президент Матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ташриф якунида Ўзбекистон-Япония муносабатлари кенгайтирилган стратегик шериклик даражасига кўтарилган.
“Президент Шавкат Мирзиёевнинг Японияга расмий ташрифи икки томонлама муносабатлар ривожида сифат жиҳатидан янги босқични бошлаб берди. Ушбу мамлакат Императори, Бош вазири, Парламентнинг иккала палатаси раҳбарияти, Ҳукумат аъзолари, шунингдек, ишбилармон доиралар ва академик ҳамжамият вакиллари билан ўтказилган музокара ва учрашувлар икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик анъанавий формат доирасидан чиқиб, узоқ муддатли стратегик ўлчов касб этганини яққол намоён этди.
Ташрифнинг асосий хусусияти иқтисодий шерикликни амалий мазмун билан бойитишга йўналтирилганидадир. Кўп йиллар давомида Ўзбекистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар асосан гуманитар ҳамкорлик ва техник кўмак лойиҳаларига таянган эди. Бугун эса Ўзбекистон Президентининг прагматик ва изчил сиёсати натижасида икки томонлама кун тартиби қайта шакллантирилиб, савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг барча йўналишларини қамраб олди”, дейилади хабарда.
12 миллиард доллардан ортиқ келишувлар таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва сув ресурслари, транспорт ва шаҳарсозлик, туризм, қишлоқ хўжалиги, шунингдек, табиий офатлар хавфини бошқариш соҳаларини қамраб олади. “Яшил” энергетика, энергияни сақлаш тизимлари ва саноат кооперациясини кенгайтириш бўйича қўшма лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, етакчи япон корпорациялари билан узоқ муддатли ҳамкорлик дастурларини қабул қилиш таклиф этилган.
Президент Матбуот хизматига кўра, ташриф доирасида Ўзбекистон Президентининг “Марказий Осиё+Япония” мулоқотининг илк саммитида иштирок этгани ҳам муҳим воқеа бўлган.
“Ҳудудий ўзаро боғлиқликни чуқурлаштириш, “яшил” иқтисодиётни ривожлантириш, инвестициявий ва рақамли шерикликни кенгайтириш, инсон капитали салоҳиятини оширишга қаратилган ташаббуслар Ўзбекистоннинг Марказий Осиёда янги ҳамкорлик архитектурасини шакллантиришда фаол иштирок этишга интилаётганини акс эттиради. Саммит якунида Токио декларациясининг қабул қилиниши ушбу ёндашувни кўп томонлама даражада мустаҳкамлади.
Умуман олганда, Японияга расмий ташриф натижалари Ўзбекистоннинг дунёдаги етакчи технология ва инвестиция марказларидан бири билан тўлақонли стратегик шерикликка босқичма-босқич ўтаётганини кўрсатади. Бу эса мамлакатнинг илғор технологияларни жалб этиш, йирик инфратузилмавий ва саноат лойиҳаларини амалга ошириш, минтақавий ва глобал иқтисодий жараёнларда ўз мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган стратегик сиёсатини тасдиқлайди”, дейилади хабарда.
Аввал хабар берилганидек, Япониядаги тадбирлар якунланганидан сўнг Ўзбекистон раҳбари амалий ташриф билан Россия Федерациясига жўнаб кеьди. Санкт-Петербург шаҳрида муҳим кун тартибига эга тадбирлар – Евроосиё Олий иқтисодий кенгашининг навбатдаги йиғилиши ҳамда МДҲ давлат раҳбарларининг норасмий учрашуви бўлиб ўтади.
Live
Барчаси