Ўзбекистон янада очиқ ва ишончли ҳамкорга айланди – Саида Мирзиёева
Жамият
−
18 Май 1165 2 дақиқа
Бугун, 18 май куни Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева Лондон фонд биржасида мамлакат акцияларининг тарихда илк бор халқаро оммавий савдога чиқарилиш маросимида иштирок этди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
“Мамлакатимиз тарихида илк бор акцияларимиз халқаро оммавий савдога чиқарилди: Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси Franklin Templeton билан ҳамкорликда бир вақтнинг ўзида Лондон ва Тошкент фонд биржаларида IPO жараёнини бошлади”, дейди Саида Мирзиёева.


Унинг билдиришича, тизимли ва изчил ислоҳотлар натижасида мамлакат иқтисодиёти 3 баробар ўсган, давлат институтлари самарадорлиги ортиб, инвесторлар учун кафолатлар мустаҳкамланган. Натижада Ўзбекистон глобал капитал бозори учун янада очиқ ва ишончли ҳамкорга айланган.


“Мамлакатимиз IPO жараёнларида “BlackRock”, “Franklin Resources”, “Redwheel” каби кўплаб йирик халқаро инвесторларнинг иштирок этиши дунё ҳамжамияти танлаган йўлимиз, салоҳиятимиз ва келажагимизга ишонч билдираётганининг ёрқин исботидир”, дейди Ўзбекистон Президенти Администрацияси раҳбари.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси Лондонда тарихий IPO’ни амалга оширгани ҳақида хабар берилган эди. Мутахассислар Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг халқаро майдонга чиқиши нафақат молиявий битим, балки Ўзбекистон иқтисодиётининг очиқлиги ва жаҳон капитал бозорлари билан интеграциялашувининг муҳим босқичига айланганини эътироф этди.
Live
Барчаси