Ўзбекистон ва Туркманистон Амударё бўйича тарихий битим имзолади

Жамият

image

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедовнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида кенгайтирилган таркибда давом этди.

Музокараларда икки давлатнинг тарихий илдизлари ва дини бирлиги, тиллари, маданият ва анъаналари муштараклиги Ўзбекистон-Туркманистон ҳамкорлигининг мустаҳкам асоси бўлиб хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди.

“Туркманистон Президентининг давлат ташрифини халқларимиз ўртасидаги кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари бузилмас, икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга интилиш бардавом эканлигининг ёрқин тасдиғи сифатида қабул қиламиз,” деган Шавкат Мирзиёев.

Туркманистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон ташқи сиёсатининг шубҳасиз устувор йўналиши экани қайд этилган.

“Ишончим комил, бугунги музокаралар кенг кўламли ҳамкорликни янада ривожлантиришда муҳим ўрин тутади, биродар мамлакатларимизнинг стратегик шериклигини янада мустаҳкамлайди ва сифат жиҳатидан янги даражага олиб чиқади”, деган Ўзбекистон Президенти.

Икки мамлакат савдодаги ижобий суръатни сақлаб қолиш ва унинг ҳажмини яқин йилларда икки баробар ошириш учун барча имкониятларга эга экани мамнуният билан қайд этилди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон-Туркманистон чегараолди савдо ҳудуди ва пойтахтларда савдо уйларини очиш бўйича қабул қилинган қарорлар шунга хизмат қилади.

Томонлар кимё тармоғидаги алоқалар стратегик шериклик даражасига кўтарилганини юксак баҳолади. Автомобилсозлик, электротехника, тўқимачик ва фармацевтика, озиқ-овқат саноати ва қишлоқ хўжалигида кооперацияни кенгайтириш режалаштирилган.

Таъкидланишича, шу мақсадда ўрта мудддатли Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва саноат кооперациясини ривожлантириш дастури қабул қилинади. Бундан ташқари, энг истиқболли лойиҳаларни илгари суриш учун қўшма лойиҳа офиси ташкил этилади.

“Транспорт соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга катта эътибор қаратилган. Ўтган йилда юк ташишлар ҳажми 17 фоизга ортиб, бу тенденция жорий йилда ҳам сақланиб қолмоқда. Томонлар минтақа мамлакатларининг ноёб транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш учун қулай шароитлар яратиш, шу жумладан юкларни ташиш учун ўзаро имтиёз ва чегирмалар беришдан манфаатдор эканликларини билдирдилар”, дейилади Президент Матбуот хизмати хабарида.

Давлат раҳбарлари сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорликка тўхталар экан, Сув хўжалиги масалалари бўйича ҳукуматлараро комиссия муваффақиятли ишлаётганини урғулаган. Шавкат Мирзиёев бугун минтақа сув ресурсларидан оқилона фойдаланишга хизмат қиладиган тарихий аҳамиятга эга Амударё бўйича битим имзоланишини мамнуният билан қайд этган.

Шунингдек, Ўзбекистан энергетика соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, шу жумладан Туркманистондан электр энергияси, газ ва нефть маҳсулотларини харид қилишдан манфаатдор экани қўшимча қилинган.

Туркманистон томони товар айирбошлашни диверсификация қилиш ва ошириш, саноат кооперациясини ривожлантиришдан манфаатдорлигини билдирган.

“Мамлакатларимиз улкан салоҳиятга эга муайян тармоқлар орасида биз агросаноат мажмуи, энергетика, кимё ва нефть-кимё, машинасозлик, тўқимачилик ва фармацевтикани қайд этмоқчимиз. Бизнес диоралари ўртасидаги шерикликни кенгайтириш учун жиддий имкониятлар бор. Кейинги йилларда чегарадош ҳудудлар ўртасидаги алоқалар фаоллашди. Ўзбекистон билан ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтириш ниятидамиз”, деган Туркманистон Президенти.

Музокаралар якунида давлат раҳбарлари икки мамлакат ҳукуматларига эришилган келишувларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш ва уларнинг амалга оширилиши юзасидан ҳар ой ахборот бериб боришни топширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон-Туркманистон Сердар Бердимуҳамедов

Баҳолаганлар

405

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг