Ўзбекистон ва Россия ўртасида миграция бўйича янги Меморандум имзоланди

Жамият

image

Аввал хабар барганимиздек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева айни вақтда расмий ташриф билан Россия Федерациясида бўлиб турибди. Ташриф доирасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон парламентни юқори палатаси Матбуот хизмати хабар бермоқда. 

Ўзбекистон Республикаси делегациясининг Россия Федерациясига расмий ташрифи доирасида Танзила Норбоева Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши раиси Валентина Матвиенко билан учрашди.

“Россия томони республикада олиб борилаётган ислоҳотлар, Россия Федерацияси билан икки томонлама муносабатларнинг муҳим жиҳатлари, икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболларига берилган баҳолар тўғрисида хабардор этилди.

Икки мамлакат президентлари Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг кучли сиёсий иродаси ҳамда алоҳида шахсий муносабатлари шарофати билан икки томонлама ҳамкорлик барча даражаларда жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Валентина Матвиенко Ўзбекистонда фуқароларнинг фаровонлигини ошириш мақсадида очиқ демократик жамият қуришга қаратилган ижтимоий-иқтисодий соҳада жадал амалга оширилаётган ўзгаришларни юқори баҳолаган. 

Қайд этилганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга бўлажак ташрифи муносабати билан олий даражадаги учрашув кун тартибини мазмунан бойитиш бўйича салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Икки томонлама ҳужжатларнинг катта тўплами тайёрланди. Парламентлар уларни амалда рўёбга чиқаришга ҳисса қўшиши керак.

Матвиенко Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақомини олганлигини мамнуният билан қарши олган. Ушбу Ташкилот билан ўзаро ҳамкорлик Ўзбекистон-Россия муносабатларига янгича туртки бериши таъкидланган.

Учрашув давомида икки мамлакат парламентлари ўртасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларда ҳудудлараро алоқаларни ривожлантириш масалалари кўриб чиқилган.

Шу нуқтаи назардан, иккинчи Ҳудудлараро ҳамкорлик форумини ўтказиш муҳимлигига урғу берилган.

Шунингдек, гендер тенгликни таъминлаш масалалари, “Марказий Осиё мамлакатлари раҳбар аёллари билан мулоқот” платформаси фаолияти кўриб чиқилган.

Бағрикенглик масаласида Ўзбекистоннинг бой тажрибасини инобатга олган ҳолда, Россия томони 2022 йил май ойида ўтказиладиган Динлараро ва миллатлараро мулоқот бўйича Бутунжаҳон конференциясига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишда фаол иштирок этишга таклиф қилган.

Учрашувда парламент юқори палатаси раҳбари Танзила Норбоева ёшлар парламентлари орқали ҳамкорликни ривожлантириш, меҳнат мигрантлари манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш бўйича ишларни давом эттириш ҳамда ватандошларимиз билан учрашув давомида кўтарилган бошқа масалаларни Олий Мажлис Сенати ва Федерал Мажлис Федерация Кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик бўйича парламентлараро комиссия фаолияти доирасида ҳал этиш ҳақида тўхталиб ўтди.

Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати ва Россия Федерацияси Федерал Мажлиси Федерация Кенгаши ўртасида меҳнат миграцияси масалалари бўйича ҳамкорлик тўғрисида Меморандум имзоланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон-Россия

Баҳолаганлар

273

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг