Ўзбекистон Хитой билан тинч атом ва яна 11 соҳада ҳамкорликни кенгайтирмоқчи
Жамият
−
20:57 697 2 дақиқа
Бугун, 17 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши Бош вазири Ли Цян бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон етакчисининг матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказган.

Икки мамлакат ўртасидаги янги даврнинг барча шароитларида ҳар томонлама стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилган.
Ўзбекистон ва Хитой етакчиларининг жорий йил август ойида Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Парламентлар, ҳукуматлар, ташқи сиёсий ва соҳавий идоралар, ҳудудлар ҳамда ишбилармон доиралар даражасида фаол алоқалар йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилган.
Ўзбекистоннинг “Ягона Хитой” сиёсати ҳамда “уч ёвуз куч”га қарши курашиш борасидаги позицияси ўзгармас экани тасдиқланган.

Товар айирбошлаш ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Қатъий келишувларга асосланган лойиҳалар портфели қарийб 60 миллиард долларга етган, 6 мингдан зиёд қўшма корхона ташкил этилган. Хитойлик сайёҳлар сони ортиб бормоқда. Камбағалликни қисқартириш соҳасида тажриба алмашиш фаол давом этмоқда.
“Яшил” энергетика, кимё саноати, геология, автомобилсозлик, металлургия, қишлоқ хўжалиги, инфратузилмани модернизация қилиш, тинч атом, рақамли технологиялар, сунъий интеллект, ускуна ишлаб чиқариш ва робототехника соҳаларида ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлиги таъкидланган.

Билдирилишича, “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” стратегик темир йўли қурилиши жадал суръатларда давом этмоқда. Унинг ишга туширилиши минтақада савдони ривожлантириш ва транспорт жиҳатидан боғлиқликни мустаҳкамлашга янада кучли суръат бағишлаши таъкидланган.
Музокара чоғида туризм, маданият ва таълим соҳаларидаги алмашинувларни кенгайтириш масалаларига алоҳида урғу берилган. Бу борадаги ҳамкорлик кўламини янада кенгайтириш мақсадида икки мамлакат шаҳарлари ўртасидаги авиақатновлар сонини кўпайтириш режалари муҳокама қилинган.
Яқин кунларда Хитойда Ўзбекистон маданияти кунлари ўтказилади, икки мамлакат ҳудудида маданият марказлари очилади.
Томонлар ШҲТ, “Марказий Осиё – Хитой” формати ва бошқа тузилмалар доирасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалаларини ҳам кўриб чиққан.
Live
Барчаси