Ўзбекистон ва Қозоғистон 2 йиллик танаффусдан сўнг темир йўл қатновини тикламоқда

Жамият

image

Жорий йилнинг 15 май куни, икки йиллик танаффусдан сўнг Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида темир йўл қатнови тикланади.

15 май куни 647/648-сонли Нукус — Бейнеу — Нукус йўналишидаги йўловчи поездининг қатнови бошланади. 16 майдан эътиборан Олма-ота-2 – Тошкент – Олма-ота-2 йўналишида 1/2-сонли (“Тулпар-Талго”) поезди қатнови йўлга қўйилади. Юқорида кўрсатилган рейсларнинг даврийлиги Тошкентдан ҳафтасига 3 марта марказий вокзалдан амалга оширилади.

Чипталарни электрон тарзда ҳамда темир йўл кассаларида сотиб олиш мумкин. Йўловчилар электрон чипталарни сотиб олаётганда, Қозоғистон Республикасининг давлат чегарасидан ўтиш учун уни А4 форматидаги қоғоздан чиқариш (чоп этиш)и талаб қилинади.

“Бошқа қўшни давлатлар билан темир йўл йўналишларининг қайта тикланиши томонларнинг келишувига асосан босқичма босқич очилиши кутилмоқда”, дейилади “Ўзбекистон темир йўллари”  АЖ матбуот хизмати хабарида.

Таъкидланишича, Қозоғистон Республикаси давлат чегараси ўтиш пунктлари орқали Қозоғистон Республикасига келган барча шахслар ПЗР усули билан COVID-19 га тест синовидан ўтганлиги ҳақида маълумотнома тақдим этишлари шарт (қозоқ, рус ёки инглиз тилида). Мазкур маълумотнома Қозоғистон Республикаси давлат чегарасидан ўтишдан олдин камида 72 соатдан кўп бўлмаган муддатда бўлиши талаб этилади.

Маълумотнома талаб қилинмайдиган шахслар:

•  5 ёшгача бўлган болалар, агар уларни кузатувчи (бирга бўлган) шахсда ушбу маълумотнома мавжуд бўлса; 

•  Қозоғистон Республикаси ҳукумат делегациялари аъзолари;

•  Локомотив бригадалари, темир йўл, денгиз ва дарё транспорти орқали ташишларда фаолият олиб бораётган шахслар;

•  Қозоғистон Республикасида COVID-19’га қарши ревакцинация ёки тўлиқ эмлаш курсини олган шахслар (агар иккинчи компонентни олганидан сўнг Қозоғистон Республикаси чегарасини кесиб ўтиш вақтида 6 ойдан ошмаса);

•  Қозоғистон бош давлат санитария врачи қарорига асосан Қозоғистон ҳудудида ҳақиқий деб тан олинадиган CОВИД-19га қарши эмланганлик паспорти/сертификати/маълумотномасига эга шахслар.

Қозоғистон Республикаси ҳудудига Евроосиё иқтисодий Иттифоқига аъзо давлатлар ҳудудидан, шунингдек, Озарбайжон, Молдова, Тожикистон ва Ўзбекистон Республикаларидан келаётган шахслар, шу жумладан, “Путешествую без COVID-19” иловасидан рўйхатдан ўтишлари талаб этилади. 

Тана ҳарорати юқори бўлган шахслар аниқланган ҳолатларда, маълумотноманинг мавжудлигидан қатъи назар юқумли шифохонада изоляция қилинади.
 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

46

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг