Ўзбекистон ва Қирғизистон чегарасидаги нохуш воқеа юзасидан музокара ўтказилди
Олам
−
01 Июнь 2019
6563Кеча, 31 май куни Қирғизистон Давлат чегара хизмати раиси, полковник Уларбек Шаршеев ва Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари - ДХХ чегара қўшинлари қўмондони генерал-майор Руслан Мирзаев ўртасида учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда “Kabar” хабар берди.
Учрашув давомида томонлар 30 майдан 31 майга ўтар кечаси нохуш ҳодиса юз берган ҳудудга чиқишган.
Томонлан Қирғизистон - Ўзбекистон чегарасида юзага келган вазиятни муҳокама қилган. Чегараолди ваколат аппаратлари раҳбарлари иштирокида ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, биргаликда суриштирув ўтказиш ҳақида келишиб олинди.
Қайд этилишича, суриштирув ишлари натижаларига кўра айбдор шахслар қонунга мувофиқ жавобгарликка тортилади.
Аввалроқ, Қирғизистоннинг Ўш вилояти Аравон тумани Тогуз-Булоқ аҳоли пунктида қуролли ҳодиса содир бўлганини хабар қилгандик.
Чегара наряди чегара яқинида Ўзбекистоннинг иккита автомашинасини аниқлаган. Ҳайдовчилар чегарачиларнинг тўхташ ҳақидаги талабини эътиборсиз қолдиришгани иддао этилди. Чегара наряди ҳавога қарата огоҳлантириш ўқи узган. Бироқ, машиналар тўхтамаган ва Қирғизистон наряди қурол қўллаган. Автомобиль ғилдиракларига қарата ўт очилган, натижада Ўзбекистон фуқароси яраланган. У Ўзбекистоннинг Марҳамат тумани касалхонасига олиб кетилган.
Икки давлат чегара идоралари раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари томонидан ўрнатилган тинчлик ва осойишталикка асосланган курсга тўла амал қилишини таъкидлади.
LiveБарчаси