Ўзбекистон ва бошқа давлатлар Ғазони тиклаш учун 7 млрд доллар ажратади – Трамп
Жамият
−
09:14 1992 3 дақиқа
Тўққиз давлат – Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Қувайт “Тинчлик кенгаши” учун жами 7 млрд доллар ажратиш мажбуриятини олди. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп кеча, 19 февраль куни “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида айтиб ўтди.
Трамп Вашингтонда ташкил этган баҳсли “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида вайрон бўлган Ғазо сектори учун кенг кўламли ёрдам пакетини эълон қилган. Унга кўра, тўққиз давлат – Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Қувайт жами 7 млрд доллар ажратиш мажбуриятини олган.
Трампнинг ўзи ҳам “тинчликдан муҳимроқ нарса йўқ” дея, кенгаш эҳтиёжлари учун қўшимча 10 млрд доллар ажратишга ваъда берган. Бу қарор Вашингтоннинг БМТнинг айрим тузилмалари – Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Фаластинлик қочқинларга ёрдам агентлигини молиялаштиришни тўхтатиши ҳамда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш томонидан ташкилот “молиявий таназзул ёқасига келиб қолгани” ҳақида огоҳлантиришлар янграган бир пайтга тўғри келган.
Қолаверса, ҲАМАС билан узоқ муддатли тинчликни таъминлаш мақсадида беш давлат ўз ҳарбийларини юборишга тайёрлигини билдирган. Келгусидаги Халқаро барқарорлаштириш кучлари таркибига Қозоғистон, Марокаш, Албания, Косово ва Индонезия контингентлари киради. Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев мамлакат ҳарбий бўлинмаларини, жумладан тиббий қисмларни юборишини тасдиқлаган. Шунингдек, у “Тинчлик кенгаши” учун катта миқдорда маблағ ажратилишини ва Ғазодан 500 нафар талабага Қозоғистон ОТМларида таҳсил олиш учун стипендия берилишини маълум қилган.
Ҳозирча аниқ сонни фақат Индонезия айтган: у 5 мингдан 8 минг нафаргача ҳарбий юборишга тайёр. Дастлаб улар Ғазо жанубидаги Рафаҳ ҳудудига жойлаштирилади, кейин эса масъулият ҳудуди кенгайтирилади. Шунингдек, 12 минг нафар фаластинлик полиция ходимини тайёрлаш режалаштирилган. Бу вазифани Миср ва Иордания ўз зиммасига олган.
“Тинчлик кенгаши” Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми чоғида ташкил этилган бўлиб, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган. Танқидчилар уни БМТга муқобил тузилма сифатида баҳоламоқда. Йиғилишда қарийб 50 давлат ва ЕИ вакиллари иштирок этган.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ғазони тўлиқ тиклаш учун 7 млрд доллар етарли эмас, умумий харажатлар 70 млрд долларга баҳоланмоқда.
Айни пайтда режалар жиддий тўсиқларга дуч келмоқда. Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху тиклаш ишлари фақат ҲАМАС қуролсизлантирилгандан кейингина бошланишини таъкидлаган. Гуруҳ эса бу талабни қатъий рад этмоқда. Барқарорлаштириш кучларида иштирок этаётган давлатлардан ҳеч бири ҳозирча ҲАМАСни мажбурий қуролсизлантириш вазифасини ўз зиммасига олишга тайёрлигини билдирмаган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев АҚШ Тинчлик институтида бўлиб ўтган “Тинчлик кенгаши”нинг биринчи йиғилишида Ўзбекистон Ғазода турар жойлар, болалар боғчалари, мактаблар ва шифохоналар қурилишига муносиб ҳисса қўшишга тайёрлигини айтганди.
Live
БарчасиШаҳбоз Шариф ҳам Трампни кўкларга кўтарди
19 Февраль