Ўзбекистон ва АҚШнинг маслаҳатлашувлари Стратегик шериклик мулоқотига айлантирилади
Жамият
−
21 Ноябрь 2020
3225Кеча, 20 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация Ўзбекистон – Америка Қўшма Штатлари сиёсий маслаҳатлашувларининг саккизинчи раундида иштирок этди.
ТИВ хабарида айтилишича, АҚШ делегациясига Жанубий ва Марказий Осиё масалалари бўйича давлат котиби ёрдамчисининг биринчи ўринбосари Дин Томпсон бошчилик қилди.
Икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари ҳамда Ўзбекистон президентининг 2018 йил май ойида АҚШга ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувларни амалга оширишнинг бориши муҳокама қилинди. Кўп қиррали Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини янада чуқурлаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб олинди.
АҚШ Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқлари ҳимоясини яхшилаш, мажбурий меҳнатга қарши курашиш, диний эркинликларни кенгайтириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда муҳим ютуқларини эътироф этди ва Ўзбекистоннинг 2021-2023 йилларда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланишини мамнуният билан қабул қилди.
COVID-19 инқирозининг жиддий иқтисодий таъсири қайд этилиб, Америка Қўшма Штатлари глобал пандемия оқибатларига қарши курашда Ўзбекистонга ёрдам беришда қатъий экани тасдиқланди.
“C5+1” шаклининг минтақавий ҳамкорликни илгари суришда ва биргаликдаги ишларнинг аниқ йўналишларини белгилаб олишда муҳим ўрин тутиши эътироф этилди. Марказий Осиёнинг глобал транспорт ва транзит коридорларига чуқур интеграциялашувини таъминлаш ҳамда минтақа мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестиция ва энергетика соҳаларидаги алоқаларни фаоллаштириш бўйича амалий чораларни кучайтириш масалалари алоҳида ажратиб кўрсатилди.
“Ўзбекистон – АҚШ – Афғонистон” уч томонлама шакли доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Афғонистонни Марказий Осиёдаги савдо-иқтисодий ва интеграция жараёнларига фаол жалб этиш ҳамда унинг транзит салоҳиятини оширувчи инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш мазкур мамлакатда мустаҳкам тинчлик ўрнатишнинг муҳим йўналишлари сифатида қайд этилди.
Музокаралар якунлари бўйича йиллик икки томонлама маслаҳатлашувлар шаклини Стратегик шериклик мулоқотига айлантириш тўғрисида қарор қабул қилинди. Мулоқотнинг таъсис йиғилишини 2021 йилда Тошкент шаҳрида ўтказиш тўғрисида келишувга эришилди.
Аввалроқ, ҳозирда АҚШда бўлиб турган Абдулазиз Комилов Америка Мудофаа вазири Кристофер Миллер билан учашгани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь