Комилов Пентагон раҳбари билан учрашди
Жамият
−
21 Ноябрь 2020
4555Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Вашингтон шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов бошчилигидаги делегация AҚШ Мудофаа вазири вазифасини бажарувчи Кристофер Миллер билан учрашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида мудофаа соҳасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди.
ТИВ хабарига кўра, Кристофер Миллер Ўзбекистонга Марказий Осиёда барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашда етакчи рол ўйнаётгани учун миннатдорлик билдирган ва Aмерика Қўшма Штатлари хавфсизлик билан боғлиқ умумий муаммоларни ҳал қилишда Ўзбекистон билан алоқаларни давом эттиришини тасдиқлаган.
Пентагон раҳбари, шунингдек, Ўзбекистоннинг афғонлараро тинчлик музокараларини олиб бориш, Aфғонистонни иқтисодий тиклаш ва унинг Марказий Осиё минтақасига интеграциясини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатларини мамнуният билан қайд этган. Томонлар Aфғонистондаги тинчлик жараёнини бундан кейин ҳам илгари суриш ва барқарор сиёсий келишув мақсадини қўллаб-қувватлашда қатъий эканликларини тасдиқлаганлар.
Икки томон ҳам ҳарбий ҳамкорликни янада кенгайтириш муҳимлигини ва терроризмга қарши кураш, чегара хавфсизлиги ва мудофаа муассасалари салоҳиятини ошириш каби масалаларда яқин ҳамкорликни давом эттиришларини таъкидлаганлар.
LiveБарчаси