Ўзбекистон ва Афғонистон Алишер Навоий мақбарасини таъмирлайди

Олам

image

Ўзбекистон Афғонистон билан биргаликда шоир ва давлат арбоби Алишер Навоийнинг Ҳирот шаҳридаги мақбарасини таъмирлашни режалаштиряпти. Бу ҳақда “Tolonews” хабар берган.

Таъмирлаш ишларини мақбаранинг ўзи ва унга ёндош ҳудудларда олиб бориш режалаштирилган. Реконструкция ишлари Навоий таваллудининг 580 йиллигини нишонлаш доирасида амалга оширилади.

Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлигининг маълум қилишича, расмий Тошкент ва Кобул бу санани биргаликда нишонлашга тайёрланяпти.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистон 2003 йилда ҳам Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ниятини билдирган. Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов тегишли қарорни имзолаган, лойиҳа тайёрланган. Бироқ UNESCO бунга қаршилик қилган. Ташкилот тайёрланган лойиҳани жуда ҳам замонавий эканини таъкидлаган. Ўшанда лойиҳа бекор қилиниб, мақбарани таъмирлаш ишлари билан Афғонистон ҳукумати шуғулланган. Таъмирлашга 60 минг доллар ажратилган, асли ўзбек бўлган афғонистонлик тадбиркор Хожи Абдулла яна 10 минг доллар хайрия қилган.

Алишер Навоий (1441 йилда 9 февраль – 1501 йил 3 январь) – шоир, мутафаккир ва давлат арбоби. 15 ёшида шоир сифатида танилган. Ҳирот, Машҳад ва Самарқанд шаҳарларида таҳсил олган. 1469 йилда Хуросон ҳукмдори Султон Хусайн уни муҳрдор лавозимига тайинлаган. 1472 йилда вазир лавозимига тайинланиб, “амир” унвонини олган.

Навоий “Хамса” асари ва кўплаб девонларни ёзган. Бундан ташқари қатор илмий асарлари ҳам бор. Навоий 1501 йил бошида Ҳирот шаҳрида вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Алишер Навоий

Баҳолаганлар

191

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг