Ўзбекистон-Туркманистон чегарасида савдо маркази қурилади
Жамият
−
22 Июль 2023
10240Ўзбекистон-Туркманистон чегарасидаги савдо зонасида 2025 йилгача cавдо маркази қурилади. Уни ташкил этиш тўғрисидаги фармонни Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов имзолади. Бу ҳақда Туркманистоннинг TDH давлат ахборот агентлиги хабар берди.
Агентлик маълумотларига кўра, Туркманистон Савдо ва ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигига Истеъмолчилар жамиятлари уюшмаси марказий бошқармасининг таъмирлаш-қурилиш бўлими билан ҳамкорликда ҳудудни ободонлаштириш, ташқи таъминот муҳандислик коммуникация тизимлари, электр ва сув таъминотини ётқизиш шарти билан ушбу марказни лойиҳалаш ва қуриш бўйича шартнома тузишга рухсат берилган. Қурилиш шу йилнинг июль ойида бошланиб, 2025 йилнинг июлида якунланиши белгиланган.
Айтиш жоизки, 2022 йилнинг октябрь ойида “Хоразм–Тошҳовуз” ўзбек-туркман чегара савдо зонасига тамал тоши қўйилган. Ашхобод шаҳрида бўлиб ўтган маросимда Ўзбекистон ва Туркманистон Президентлари Шавкат Мирзиёев ва Сердар Бердимуҳамедов иштирок этган.
Маълумот учун, Ўзбекистоннинг Хоразм вилояти ва Туркманистоннинг Тошҳовуз вилоятига туташ ҳудудларда чегара савдо зонаси ташкил этилмоқда. Ҳудудлар ўртасида трансчегаравий савдони улгуржи ва чакана савдонинг замонавий халқаро ва минтақавий амалиётини ҳисобга олган ҳолда йўлга қўйиш режалаштирилмоқда. 2021 йил октябрь ойида Туркманистоннинг ўша пайтдаги Президенти Гурбангули Бердимуҳамедовнинг Ўзбекистонга сафари чоғида “Хоразм-Тошҳовуз” чегара савдо зонасини очиш бўйича келишувга эришилган.
LiveБарчаси