Ўзбекистон тожик-афғон чегарасига жанговар самолётлар, зирҳли техника ва махсус кучларни юборади
Жамият
−
19 Июль 2021
16056Ўзбекистон Қуролли кучларининг аскарлари ва зобитлари тожикистонлик ҳамда россиялик ҳамкасблари билан биргаликда қўшни Афғонистон ҳудудидан жангарилар бостириб кирган тақдирда тожик-афғон чегарасини қўриқлаш амалиётини ўтказади. Бу ҳақда “Asia-Plus” Тожикистон Қуролли кучларидаги манбасига таяниб хабар берди.
Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1-10 август кунлари Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасидаги Хатлон йўналишида Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия Қуролли кучларининг кенг кўламли қўшма ҳарбий машғулотлари бўлиб ўтади.
Хабарга кўра, Тожикистон, Ўзбекистон ва Россия ҳарбийларининг терроризмга қарши қўшма машғулотлари Тожикистоннинг Афғонистон билан чегарасида жойлашган “Харбмайдон” ҳарбий полигонида бўлиб ўтади. Машғулотларда уч давлатнинг ҳаво кучлари, ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари, зирҳли техника ва махсус кучлари иштирок этади.
Машғулотнинг мавзуси — Афғонистондан Тожикистонга террорчилар кириб келган тақдирда чегарадаги уч давлат ҳарбийлари ҳаракатларини мувофиқлаштириш.
Аввалроқ жорий йилнинг август ва сентябрь ойларида Россия Қуролли кучлари бўлинмалари Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон ҳарбийлари билан қўшма машғулотлар ўтказиши ҳақида хабар бергандик. Қайд этиш керакки, ушбу ҳарбий машғулотларнинг бир қисми Сурхондарё вилояти Термиз шаҳри полигонларида бўлиб ўтади.
Фаоллашган “Толибон” ва Афғонистондаги кескинлик
Афғонистондаги хавфсизлик билан боғлиқ вазият жорий йилнинг апрелида АҚШ Президенти Жо Байденнинг республикада Америка қуролли кучларининг операцияси якунига етганини эълон қилганидан сўнг, анча ёмонлашди.
Жорий йилнинг 13 июль ҳолатига кўра, Қўшма Штатлар ўз қўшинларининг 95 фоизидан кўпроғини Афғонистондан олиб чиқиб кетиб бўлди. Бу жараён 31 августга қадар якунланиши кутилмоқда. Штатлар каби НАТОнинг бошқа аъзолари ҳам Афғонистонни тарк этмоқда. Жумладан, Италия, Австралия ва Германия кучлари, аллақачон, мамлакатдан чиқиб кетган.
Хорижий қўшинларнинг Афғонистонни тарк этиши фонида “Толибон” ҳаракати мамлакат ҳудудлари устидан назоратни ўрнатиш мақсадида ҳужумларни кучайтирмоқда. Толибларнинг таъкидлашича, улар айни пайтда Афғонистоннинг 85 фоизини назорат қилмоқда. Бундан ташқари, ҳаракат кучлари бир қатор қўшни давлатлар — Туркманистон, Тожикистон, Эрон ва Покистон билан чегарада жойлашган назорат пунктларини ҳам эгаллаб олган. Шундай бўлса-да, ҳаракат вакиллари Афғонистондан ташқарига чиқмасликларини ва қўшни давлатларга хавф солмасликларини қайта ва қайта таъкидламоқда.
LiveБарчаси