“Ўзбекистон темир йўллари” холдингга айлантирилади
Жамият
−
25 Сентябрь 2023
6374“Ўзбекистон темир йўллари”ни холдингга айлантириб, тизимда замонавий бошқарув жорий қилинади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, муаммолардан келиб чиқиб, давлат раҳбари соҳа олдида турган устувор вазифаларни белгилаб берган. Жумладан, “Ўзбекистон темир йўллари”ни холдингга айлантириб, тизимда замонавий бошқарувни жорий қилиш – инфратузилма, юк вагонлари ва логистика, йўловчи ташиш хизматлари ҳамда вокзаллар бошқарувини бир-биридан ажратиб, алоҳида корхоналар ташкил қилиш бўйича таклифлар маъқулланган.
Мирзиёев мутасаддиларга вагонлар паркини янгилашга мўлжалланган кредит ва компенсация ажратиш механизмларини жорий қилишни топширган. Шунингдек, темир йўл станциялари ва улар атрофидаги бўш майдонлардан унумли фойдаланиб, комплекс логистика хизматлари ҳамда йирик ишлаб чиқариш лойиҳаларини шакллантириш вазифасини қўйган.
“Соҳада IT аудитини ўтказиб, малакали мутахассисларни жалб қилган ҳолда “Ягона дарча” ахборот тизимини яратиш зарур. Бунда, юк ташиш ҳужжатларини электрон расмийлаштириш, вагонларга GPS ўрнатиш ва онлайн омбор ахборот тизими йўлга қўйилиши лозим”, деган Мирзиёев.
“Ўзбекистон темир йўллари”нинг носоҳавий активларини сотиш ёки бошқа тармоқларга ўтказиш орқали тушган маблағлар темир йўл инфратузилмасини яхшилашга йўналтирилади. Эндиликда “Ўзбекистон темир йўллари”нинг носоҳавий активларда иштироки қатъий тақиқланади.
Бундан ташқари, Президент мутасаддиларга барча темир йўл кесишмаларини хатловдан ўтказиш ва тартибга солиш бўйича топшириқ берган.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси